Замонавий тиббиёт маскани ўз эшикларини очди
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида Сирдарё туманида аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини янада ошириш йўлидаги муҳим лойиҳалардан бири амалга оширилди. Тумандаги 8-сон оилавий поликлиника капитал реконструкция қилиниб, замонавий қиёфада фойдаланишга топширилди.
Муассасанинг очилиш маросимида туман ҳокимлиги мутасаддилари, тиббиёт соҳаси вакиллари, нуронийлар ҳамда маҳалла фаоллари иштирок этдилар.
Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда кейинги йилларда соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, аҳолига сифатли ва замонавий тиббий хизмат кўрсатиш, бирламчи тиббий-санитария ёрдамини янада кучайтириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар хусусида фикр билдирдилар.

Таъкидланганидек, инсон қадрини улуғлаш тамойили асосида ҳаётга татбиқ этилаётган эзгу ташаббуслар натижасида бугунги кун талабларига жавоб берадиган замонавий тиббиёт муассасалари барпо этилмоқда. Сирдарё туманидаги мазкур поликлиниканинг тубдан реконструкция қилиниши ҳам ана шу ислоҳотларнинг амалий ифодаси бўлиб, аҳоли учун янада қулай ва сифатли тиббий хизмат кўрсатиш имконини яратди.
Аҳамиятлиси, поликлиникани реконструкция қилиш ҳамда уни замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминлаш учун давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 1 миллиард 276 миллион сўм ажратилди. Қурилиш-таъмирлаш ишлари эса “Leon Crown” МЧЖ томонидан сифатли амалга оширилиб, белгиланган муддатларда тўлиқ якунланди.

Тадбир иштирокчилари бинода яратилган замонавий шарт-шароитлар, тиббий хоналарнинг тўлиқ янгилангани ҳамда ўрнатилган замонавий жиҳозлар аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини янада оширишини алоҳида таъкидладилар.
Янги қиёфада фаолиятини бошлаган 8-сон оилавий поликлиника "Зиёкор", "Исломобод" ва "Матонат" маҳаллаларида истиқомат қилувчи 9 минг 176 нафар аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатади.

Муассасада оила шифокорлари, стоматологлар, физиотерапия ва муолажа хоналари фаолият юритмоқда. Барча хоналар замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланиб, аҳолига тезкор, қулай ва сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун зарур шарт-шароитлар яратилди.
Янги тиббиёт масканининг фойдаланишга топширилиши ҳудуд аҳолисининг сифатли тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтириш, бирламчи тиббий-санитария ёрдами сифатини ошириш ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш йўлидаги муҳим қадам бўлди.

— Кейинги йилларда муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлиқни сақлаш тизимини замонавий талаблар асосида ривожлантириш ҳамда бирламчи тиббий хизмат сифатини ошириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Ана шу эзгу сиёсатнинг амалий натижаси сифатида 8-сон оилавий поликлиникамиз тўлиқ реконструкция қилиниб, замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланди. Энг асосийси, шифокорлар учун самарали меҳнат қилиш, фуқаролар учун эса барча қулайликларга эга шароитда сифатли тиббий хизмат олиш имконияти яратилди. Муҳими, бу каби бунёдкорлик ишлари аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, касалликларни эрта аниқлаш ва профилактика тадбирлари самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади, — дейди Сирдарё туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Акромжон Азизқулов.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири