Замонавий тажрибалар қўл келмоқда
Юртимиздаги барча ташкилот, муассаса ва корхоналар томонидан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳудудларда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, экилган кўчатларни парваришлаш уюшқоқлик билан олиб борилмоқда. Хусусан, мавсумда суғориш ишларини тизимли амалга ошириш, сув тежовчи технологиялардан самарали фойдаланиш чоралари кўрилмоқда.
Олмалиқ кон-металлургия комбинати таркибий бўлинмаларида ҳам барпо этилган боғлардаги дарахт кўчатларини томчилатиб суғориш учун полиэтилен қувурлардан кенг фойдаланилади. Шу боис ОКМК раҳбариятининг ташаббуси билан Истеъмол моллари ишлаб чиқариш бошқармасининг илгари консервация қилинган полиэтилен маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехи фаолияти қайта йўлга қўйилди.

Жорий йилнинг август ойи бошидан ушбу цехда диаметри 20, 25, 32, 40 ва 50 миллиметр бўлган полиэтилен қувурлар ишлаб чиқариш бошлаб юборилди. Ҳозирда комбинат таркибий бўлинмаларининг талабномаларига мувофиқ полиэтилен қувурлар ишлаб чиқарилмоқда. Август ойининг ўзида цехда 710 метр турли диаметрдаги полиэтилен қувурлар ишлаб чиқарилиб, жойларга етказиб берилди.

Ҳозир мазкур цехда дарахт кўчатларини томчилатиб суғориш тизимини ўрнатишда ишлатиладиган полиэтилен қувурларни тайёрлаш учун зарур жиҳозлар мавжуд бўлиб, бошқарма ходимлари орасидан маҳсулот ишлаб чиқариш учун мутахассислар жалб этилди.
Бундан ташқари, цехда комбинат ички эҳтиёжи учун полиэтилен қоп, пакет маҳсулотлари ҳам ишлаб чиқарилмоқда. Бу ерда ойига ўртача 5 минг 500 килограмм хомашё қайта ишланиб, қоп ва пакетлар тайёрланяпти. Полиэтилен маҳсулотларни ишлаб чиқаришда “Шўртан газ-кимё мажмуаси” МЧЖнинг грануласидан фойдаланилмоқда.
А.Мусаев,ЎзА.