Замонавий савдо мажмуаси аҳоли хизматида
Наманган вилоятидаги “Art Soft Holding” компанияси таркибига кирувчи ташкилот ва корхоналар томонидан аҳолини иш билан таъминлаш борасида бир қатор истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Наманган шаҳрининг Чорсу маҳалласидаги собиқ “Химзавод” ўрнида барпо этилган бинода “Korzinka” супермаркетлар тармоғи савдо мажмуасининг очилгани шулар жумласидандир. Мажмуанинг қурилиш ва бунёдкорлик ишларига 5 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфланди.
Супермаркетдан ташқари, уч қаватли замонавий бинонинг юқори қаватларида келгусида савдо ва умумий овқатланиш йўналишидаги “Фурд корт” лойиҳалари ишга туширилади. Хусусан, кийим-кечаклар савдоси билан шуғулланувчи “бутиклар”, кафе ва ресторонлар фаолияти йўлга қўйилади.
[gallery-4532]
– Бундай замонавий супермаркетларни олдинлари пойтахтимизда кўриб, бизнинг ҳудудларда ҳам очилса, деб ҳавас қилардик, – дейди меҳнат фахрийси Жобирхон Содиқов. – Савдо мажмуасида кундалик турмуш учун зарур буюм ва маҳсулотлар мавжуд. Шунинг учун ҳам шаҳримизда замонавий супермаркат очилганидан хурсандмиз.
Янги очилган савдо марказининг ўзида 70 нафар ҳамюртимизнинг бандлиги таъминланди. Келгусида эса бундай иш ўринлари сонини 200 тага етказиш режалаштирилган. Аҳолига сифатли ва арзон савдо хизматини кўрсатувчи бундай замонавий супермаркетлардан яна бештасини келгусида вилоят туманларида ҳам очиш кўзда тутилган.
Савдо мажмуасининг очилиш маросимида Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов иштирок этди.
Оқилхон Дадабоев,
Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА