Замонавий мактаб биноси фойдаланишга топширилди
Юртимизда таълим соҳасини ривожлантиришга қаратилган изчил ислоҳотлар амалда ўз самарасини бермоқда. Хусусан, Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 24 декабрдаги "2025 — 2027 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида" ги қарорига мувофиқ, давлат дастури доирасида Гулистон тумани “Сойибобод” маҳалласида жойлашган 3-сонли умумтаълим мактабининг қўшимча 300 ўринли замонавий биноси янги йил арафасида тантанали равишда фойдаланишга топширилди.
Очилиш маросимида Гулистон тумани ҳокими вазифасини бажарувчи Олимжон Жўраев, маҳалла нуронийлари ва фаоллари, таълим муассасалари раҳбарлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди. Тадбирда сўзга чиққан туман ҳокими барчани кириб келаётган Янги йил билан табриклаб, мазкур янги бино ёш авлод учун замонавий ва шинам таълим маскани бўлишини таъкидлади.

Қўшимча бино “Ойдин йўл бўлдинг” МЧЖ томонидан 4 миллиард 600 миллион сўм маблағ эвазига барпо этилди. У замонавий талаб ва стандартларга тўлиқ мувофиқ қурилган бўлиб, синф хоналари кенг ва ёруғ, спорт зал, компьютер синфи мавжуд бўлиб, улар зарурий жиҳозлар билан таъминланган. Шунингдек, бинода имконияти чекланган болалар учун инклюзив таълим шароитлари яратилган: қўшимча лифт ўрнатилган, замонавий иситиш ва вентиляция тизими йўлга қўйилган.

Авваллари мактабда таълим жараёни 1,8 коэффициент асосида икки навбатда олиб борилган бўлса, янги бинонинг фойдаланишга топширилиши натижасида барча ўқувчилар бир навбатли таълим тизимида сифатли таълим олиш имконига эга бўлдилар. Эндиликда ўқувчилар етарли ва шинам синф хоналарида билим олиш билан бирга, замонавий технологиялар ва қулай муҳитда ижодий ва академик ривожланишлари учун кенг имкониятларга эга бўлдилар.


Тадбирда иштирок этган меҳнат фахрийси Абдужалил ота Казаков ҳам ўз фикрларини билдириб, янги бинонинг яратган қулайликларига алоҳида эътибор қаратди. У кишининг таъкидлашича, бинода ҳар бир синф хонаси ва умумий майдон ёруғ ва шинам тарзда ташкил этилган, ўқитувчилар учун замонавий аудитория ва методик қўлланмалар мавжуд. Шу билан бирга, имконияти чекланган болалар учун яратилган шароитлар уларнинг ҳам таълим олишда ҳеч қандай қийинчиликсиз ривожланишига хизмат қилади. Бундай бинолар нафақат ўқувчиларнинг билим олиш самарадорлигини оширади, балки устозлар учун ҳам ижодий ва профессионал фаолиятни олиб бориш имконини кенгайтириб, таълим сифатига сезиларли ижобий таъсир кўрсатади.
Ғулом Примов, ЎзА