“Замонавий касблар” танлови ёшлар креативлигини оширмоқда
Бугунги шиддат билан ривожланаётган рақамли технологиялар асрида замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлган кадрларга талаб ҳар қачонгидан ҳам юқори. Мамлакатимизда ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, уларни истиқболли соҳаларга йўналтириш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
️Хусусан, Ёшлар ишлари агентлиги томонидан “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Замонавий касблар” танлови бунинг яққол исботидир. Айни кунларда ушбу нуфузли беллашувнинг саралаш босқичлари республикамизнинг барча ҳудудларида юқори кўтаринкилик ва шижоат билан давом этмоқда.

“Замонавий касблар” танлови ёшлар орасида рақамли технологиялар, дастурлаш ва замонавий йўналишларни оммалаштиришда муҳим ўрин тутмоқда.Танлов давомида ёшлар ўз билимлари, истеъдодлари ва ижодий ёндашувларини намойиш этдилар.
Уч та йўналишни қамраб олган танлов, энг яхши мобилография иши, энг яхши веб-сайт, энг яхши график дизайн каби шартларни ўз ичига олди.

Хусусан, Мирзо Улуғбек туманида ҳам ушбу танлов бўлиб ўтди. Унда ёшларнинг Веб-сайт яратишда инновацион ғоялар ва дастурлаш маҳорати, График дизайн яратишда ижодкорлик ва бетакрор тасаввурлари ҳамда Мобилография йўналишида ҳар бир кадрда креативлик ва маҳоратлари синовдан ўтказилди.

Танлов ёшларнинг ижодкорлиги, билим ва амалий кўникмаларини намоён этиш, замонавий касблар бўйича ўз салоҳиятини синовдан ўтказиши учун имконият яратди.
Гулноза Бобоева,ЎзА