Замонавий кадрлар тайёрлаш учун консорциумга асос солинди
Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университетида Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар олий таълим ташкилотлари консорциумини ташкил этишга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.
Тадбирда Президент Администрацияси мутахассислари, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ходимлари, халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда консорциум аъзолари — Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Ички ишлар вазирлиги академияси, Жамоат хавфсизлиги университети, Божхона қўмитасининг Божхона институти ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси раҳбарлари, экспертлар ҳамда масъул ходимлар иштирок этди.
Консорциумнинг асосий мақсади ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар учун халқаро стандартларга мос, юқори малакали, ҳалол ва ватанпарвар кадрлар тайёрлашга хизмат қиладиган замонавий таълим тизимини шакллантиришдан иборат.

Жамоат хавфсизлиги университети ахборот хизмати бошлиғи Жасур Ураловнинг таъкидлашича, мазкур ташаббус соҳадаги таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқади.
— Консорциумнинг ташкил этилиши ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар учун кадрлар тайёрлаш тизимида ягона ёндашувни шакллантириш, таълим сифати ва амалиёт уйғунлигини таъминлашга хизмат қилади. Энг муҳими, бу ташаббус рақамли технологиялар ва сунъий интеллект имкониятларидан самарали фойдаланган ҳолда замонавий мутахассисларни тайёрлаш учун мустаҳкам пойдевор яратади, — деди Жасур Уралов.
Тадбирда тақдим этилган «2030 йил стратегияси» доирасида тизимни амалиётга йўналтирилган, рақамли технологиялар ва сунъий интеллектга асосланган, минтақада етакчи ҳамда жаҳонда эътироф этилган кадрлар тайёрлаш марказига айлантириш устувор вазифа сифатида белгиланди.

Муҳокамалар якунида истиқболдаги ҳамкорликнинг устувор вазифалари сифатида ягона компетенциялар модели (CCF)ни жорий этиш, инновацион технологияларни ривожлантириш ва аъзо олийгоҳларнинг инфратузилмасидан ўзаро фойдаланиш,
Рақамли трансформация ва сунъий интеллект ечимларини жорий қилиш, ягона LMS платформаси, электрон портфолио ҳамда VR/AR технологияларини кенг қўллаш каби бир қатор лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.
Лойиҳа томонларнинг ўз маблағлари, давлат дастурлари ва халқаро грантлар ҳисобидан молиялаштирилади.
Мутасаддиларнинг фикрича, консорциум фаолияти соҳада узлуксиз кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, олий таълим муассасаларининг халқаро нуфузини ошириш ҳамда жамият хавфсизлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Н.Раҳмонова, ЎзА