Замонамиз қаҳрамонлари эътироф этилди
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Бухоро филиалида Ўзбекистон “Миллий Тикланиш” Демократик Партияси вилоят Кенгаши томонидан “Мурожаатнома-ислоҳотларимизнинг дастурамали” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Унда партиянинг вилоят, шаҳар Кенгашлари, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Бухоро филиали раҳбар ва ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

– Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида аҳоли саломатлигини асраш ва мустаҳкамлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилгани бежиз эмас, – деди тадбирда сўз олган партия вилоят кенгаши раиси Маҳсуд Муҳаммедов.
– Юртбошимиз буюк аждодимиз Имом Мотуридий ҳазратларининг “Тириклик ҳикматини соғлиқда, деб билгин”, деган чуқур маъноли сўзларини эслаб, бу борадаги ислоҳотларимизни янги босқичга кўтаришимиз зарурлигини, айниқса, ёшларимиз ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш – энг устувор йўналишлардан бири сифатида таъкидлади. Мурожаатномада белгилаб берилган ўта муҳим йўналишлар олдимизда ҳар қачонгидан ҳам зарур ва масъулиятли вазифаларни юклаш билан бир қаторда халқимизнинг бугунидан рози бўлиб яшашида ҳам муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Тадбир давомида партия вилоят Кенгаши раиси томонидан бутун дунёда ва мамлакатимизда кечаётган эпидемиологик вазиятда ўз жонини хатарга қўйиб бўлсада, эл саломатлиги йўлида жонбозлик кўрсатиб, бугунги синовли кунларда халқнинг дардига дармон бўлаётган соҳа фидойиларига миннатдорчилик билдирилди.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Дунё бўйлаб, хусусан, мамлакатимизда шифокорларнинг ўз касбига садоқати, халқимиз, ота-оналаримиз, фарзандларимиз соғлиғи йўлида туну кун қилаётган меҳнати барчамиз учун жасорат намунаси бўлмоқда”.
Семинарда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, халқ соғлиғини сақлашда аҳолига малакали тиббий ёрдам кўрсатиш борасидаги эришган ютуқлари, жамоат ишларидаги фаол иштироки, тиббий хизматни ташкил қилишдаги фидойилиги, ўта хатарли вазиятда ўзини аямасдан қилган меҳнати ва муносиб хизматлари учун бир гуруҳ филиал ходимлари партия вилоят Кенгаши томонидан ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Зариф КОМИЛОВ, ЎзА