Заъфарон плантациясига пиёзбоши экилмоқда
“BMB TRADE GROUP” компанияси ва Жиззах вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида Бахмал тумани 4-сектор ҳудудида Италиядан келтирилган 16 миллиондан ортиқ заъфарон туганак пиёзбошларини намунавий экиш тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда Италиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Жиззах вилояти давлат солиқ бошқармаси, Бахмал тумани ҳокимлиги, “BMB TRADE GROUP” кузатув кенгаши раҳбар, аъзо ва мутасаддилари, бошқа давлат идоралари вакиллари ҳам иштирок этди.
2020 йилда Ўзбекистон Республикасининг Италиядаги элчихонаси кўмагида Жиззах вилоятининг Бахмал туманида заъфарон етиштириш ва қайта ишлаш бўйича йирик инвестициявий лойиҳага еиришилиб, заъфарон туганак пиёзбошлари 54 гектар ерга экилган эди.
Италия тупроқларида ўсадиган бу ноёб ўсимлик Бахмал далаларида ҳам гуллай бошлади. Шу боис, тумандаги мавжуд заъфарон плантацияларини янада кенгайтириш учун ўтган 2021 йилда Италиянинг Брешиа шаҳридан 20 миллион дона, жорий йил эса 16 миллион дона заъфарон туганак пиёзбошлари олиб келинди.
[gallery-8912]
– Жиззах вилоятининг Бахмал туманида 3 йил давомида экспортбоп заъфарон ўсимлигини етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш бўйича лойиҳа “BMB TRADE GROUP” ва Италиянинг “FIN.OPERA s.r.l.” компаниялари таъсисчилигидаги “BMB-OPERA ZAFFERANO” ва Тожикистоннинг “AVAS Group” компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилган “BMB-AVAS Za’faron” қўшма корхоналари томонидан 204,5 гектар ерда умумий қиймати 40 миллион 400 минг евро миқдоридаги инвестициялар асосида амалга оширдик, – дейди “BMB TRADE GROUP” кузатув кенгаши раиси Бекзод Маматқулов. – Қўшимча 16 миллиондан ортиқ заъфарон туганак пиёзбошларини намунавий экилиши ҳисобига, заъфарон плантациянинг умумий майдони 305 гектарни ташкил этди.
Мазкур инвестициявий лойиҳанинг аҳамияти шундаки, Жиззах вилоятида етиштирилган миллий маҳсулот энг илғор технологиялар ёрдамида қайта ишланиб, Европага “ORO ROSSO” бренди остида экспорт қилиб келинмоқда.
– Ушбу лойиҳа доирасида заъфарон кластерининг атрофида пазандачилик, фармацевтика ва бошқа соҳаларда маҳсулотларни қайта ишлаб чиқариш учун қўшимча қувватлар барпо этилаётгани мазкур ҳудудда минглаб қўшимча иш ўринлари яратилишига хизмат қилди, – дейди Бахмал тумани ҳокими Муса Анорбоев. – Туманда 200 нафар доимий, 4 минг нафар мавсумий иш ўринлари яратилди.
– “BMB Za'faron” бренди остидаги маҳсулот Европанинг “Analisi Chimiche Ed Ecologiche Sas” ҳамда “Laboratori di Ricerche Analitiche e Tecnologiche su Alimenti e Ambiente” (Италия) лабораторияларида икки босқичли чуқурлаштирилган текширувлардан ўтказилган бўлиб, 2021 йил заъфарон ҳосили намуналари таҳлил натижасида ранг, ҳид ва таъм кўрсаткичлари “ISO 3632-1/2011 I-категория” стандарти сертификатига эга бўлди, – дейди “NRGSISTEMS” компанияси президенти Роберто Туччи.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА