Зафар муборак, бухоролик ғаллакорлар
Бухоро вилояти ғаллакорлари давлатга буғдой сотиш режасини бажарди.
Ғаллакор учун ҳал қилувчи палла саналган июнь ойи заҳмати ўрим-йиғим самараси ўлароқ, азму шижоати қатъий бухоролик ғаллакорлар ҳам мамлакатимизда илғорлар қаторида давлатга дон сотиш шартнома режасини ортиғи билан уддалади.
Жорий йилда вилоятдаги 2 минг 984 та фермер хўжалиги ҳамда 11 та ғаллачилик кластери томонидан умумий майдони 60 минг 600 гектар майдонга буғдойнинг “Старшина”, “Алексеевич”, “Гром”, “Краснодар-99”, “Васса”, “Аср” каби истиқболли навлари экиб парваришланди.

Ғаллачиликда банд бўлган субъект сони ўтган йилгига нисбатан 52 тага кўпайтирилгани ҳолда бу йил 464 минг тонналик дон хирмони бунёд этилди. Пировардида ҳар гектар ҳосилдорлигини 76 центнерга етказиш мақсад қилинган. Аҳамиятли жиҳати, жорий мавсумда 260 минг тоннадан ошиқ буғдой ҳосили фермер хўжаликлари ихтиёрида қолаётгани улардаги меҳнат жамоалари моддий манфаатдорлигини оширишга, фаолиятини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.


Давлатимиз раҳбарининг ўтган йилги “Ғаллани етиштириш ва сотишда бозор тамойилини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги тарихий қарори ғаллани давлат томонидан сотиб олиш ва сотишда бозор нархларига ўтилгани ғаллачилик кластерлари ва фермерларга буғдойни бозор нархида тўлиқ эркин сотиш ҳуқуқини берди. Бу энг аввало, фермер хўжаликлари, қолаверса, хўжалик аъзоларининг даромадига даромад қўшиш имконини яратди. Чунончи, бултур бошоқли доннинг 20 минг гектардан зиёди пахтадан бўшаган майдоннинг қатор ораларига экилган бўлса, жорий йил мавсумида 28 минг гектардан ошиқ ғўза қатор орасида бошоқли дон экинлари экиб етиштирилди.

Вилоят фермер хўжаликлари, агрокластерлар томонидан жорий йил шу кунига қадар туманлардаги жами 20 та дон қабул қилиш маскани орқали умумий саранжомланган ғалла хирмонининг 138 минг 904 тоннаси товар дон, 15 минг 56 тоннаси эса уруғлик дон сифатида сараланган.
Етиштирилган ҳосилни нес-нобуд қилмасдан ўриб-йиғиб олиш учун вилоятдаги мавжуд 189 та комбайн отряди шакллантирилди. Шунингдек, отрядларга 950 тага яқин юк автомобили, ташиш транспорти, 40 та кўчма сервис хизмати устахонаси, 40 та ёнилғи ташиш воситаси бириктирилди.
Ғалла ҳосилини етиштириш ва давлатга дон сотиш бўйича Ромитан, Вобкент, Олот, Қоровулбозор, Бухоро, Қоракўл туманлари деҳқон-фермерлари жонбозлик кўрсатди. Илғорлар қаторида Ромитан туманидаги “Акрам”, “Олим Ҳидой замини”, “Саъдулло бобо”, “Тўра Жўра Умар”, Олот туманидаги “Жуманазар Ўлмас”, “Саид Чори саховати”, “Воҳиджон Файзиев”, “Яшнарбек Саноқулов”, Вобкент туманидаги “Улуғбек Омон замини”, “Жўра Дурбек Ваҳоб”, “Сатторов Ортиқ бобо”, “Нурилло Амон Абдулло”, Қоровулбозор туманидаги “Фахриддин Фаёзбек”, “Ахтам Даврон”, “Самандар Араб” каби фермер хўжаликларининг катта хирмонда ҳиссаси беқиёс.

Гарчи кўзланган хирмон кўтарилган бўлсада, далаларда ўрим-йиғим қизғин давом этмоқда. Бу билан ҳосилдорликни янада ошириш мақсад қилинган бўлса, бир томондан ҳосилдан бўшаган майдонларда такрорий экин экиш ишлари бошлаб юборилган. Бу борада ҳар бир туманда махсус ишчи гуруҳлари томонидан кам таъминланган, моддий мададга муҳтож оилалар, ишсиз ёшлар рўйхати шакллантирилиб, уларга далада меҳнат қилиб, даромад топишлари учун шароит яратилмоқда. Аниқроғи, бу йил жами 62 минг гектар ерда такрорий экин етиштириш ишлари аллақачон бошланган. Чунончи, 3 минг 525 гектар ерда сабзавот, 1 минг 939 гектарда полиз, 2 минг гектрдан зиёд ерда картошка, 5 минг 552 гектар ерда ловия, соя, кунгабоқар каби мойли экинлар, 1 минг 694 гектарда сабзи ва бошқа маҳсулотлар етиштириш мақсад қилинган. Бундан ташқари, жорий мавсумда ғалладан бўшаётган контурларнинг 22 минг 858 гектарида чорва моллари учун озуқабоп экинлар етиштириш саъй-ҳаракати бормоқда. Бу ҳам аграр мажмуада фаолият юритаётган хўжаликлар моддий манфаатдорлиги учун айни муддао.
Эътироф этиш жоизки, бухоролик ғаллакорларнинг эришган улкан ютуғи мамлакатимиз Мустақиллигининг қутлуғ 32 йиллигига муносиб совға бўлди. Улар бундан кейин хам фидокорона меҳнат қилиб, янада юксак натижалари билан эл-юрт учун хизмат қилади.
Меҳнат зафарингиз муборак бўлсин, бухоролик ғаллакорлар.
Зариф Комилов, ЎзА