Юз ёшдан ошган отахон ва онахонга юксак эътибор кўрсатилди
Энг улуғ, энг азиз байрам – Ватанимиз истиқлолининг ўттиз беш йиллиги арафасида ҳаётини ҳалол меҳнатга бағишлаган, юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшган ҳамда узоқ, мазмунли умр йўлини босиб ўтган мўътабар инсонларга юксак эътибор кўрсатилди.
Наманган вилоятининг Чортоқ туманидаги Дилдош маҳалласида истиқомат қилувчи, қишлоқ хўжалиги, хусусан, чорвачилик соҳасида узоқ йиллар самарали меҳнат қилган Собиржон ота Хўжаев ҳамда Бештол маҳалласида яшовчи, бир асрлик умрни босиб ўтган Анорхон ая Ашуроваларнинг хонадонлари йўқланди. Чунки улар Президентимизнинг тегишли фармонига биноан “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз беш йиллиги” кўкрак нишони билан тақдирланишган эди.

Собиржон отанинг кўп йиллик ҳалол ва фидокорона меҳнати, 100 ёшни қаршилаган Анорхон аянинг эса сабр-матонат, меҳр ва ибрат билан кечган ҳаёт йўли бугун давлат ва халқ эътиборида. Шу муносабат билан Чортоқ тумани ҳокими Илҳомжон Сатторов уларнинг хонадонларида бўлиб, кўкрак нишонларини топширди. Уларга метин соғлиқ, янада узоқ умр кўришларини тилади.

Дарҳақиқат, бугунги Янги Ўзбекистонда инсон қадри ҳар нарсадан устун. Буни ушбу нуронийларимиз мисолида ҳам яққол кўришимиз мумкин. Улар ўз ҳалол меҳнатлари билан бир умр ватанимиз тараққиётига салмоқли ҳисса қўшиб келишди. Бугунги эътироф эса давлатимиз томонидан уларга билдирилган юксак эҳтиром ифодасидир.

Бинобарин, Собиржон ота ҳамда Анорхон аянинг ҳаёт йўллари турлича бўлса-да, уларни бирлаштириб турган улуғ фазилат бор – улар бутун умрларини эл-юрт хизматига бағишлашди. Бугун уларнинг ҳар бирига кўрсатилаётган юксак эътибор эса мустақил Ўзбекистонда ҳалол меҳнат ва инсон қадри қанчалик улуғланишини яққол кўрсатиб турибди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири