Юз йил гавҳар терай десангиз...
"Маҳалла" хайрия жамоат фонди Сирдарё вилояти бошқаруви, унинг туман ва шаҳар бўлимлари ходимлари "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасидаги "кўчат эк, боғ ярат" акциясида фаол иштирок этмоқда.
Улар Фарғона ва Сирдарёдаги кўчат етиштирувчи хўжаликлардан ўтган йили 60 минг дона, жорий йилда эса 130 минг дона манзарали, 82 минг дона мевали, 85 минг дона гул кўчатларини келтириб, ўз яшаш ҳудудларига, маҳалла ва йўл бўйиларига, боғ-роғларга ҳашар йўли билан экмоқда. Бу ишга нафақат фонд, фонднинг туман ва шаҳар бўлинмаси ходимлари, уларнинг оила аъзолари, маҳалла аҳли ёрдамлашаётир.

– Кўчат экиш, дарахт ўстириш, табиатни асраб-авайлаш халқимизга хос эзгу қадриятлардан, – дейди "Маҳалла" хайрия жамоат фонди Сирдарё вилояти ҳудудий бошқаруви бош мутахассиси Анвар Нарзуллаев. – "Бир йил тут эккан киши, юз йил гавҳар теради", "Бирни кессанг-ўнни эк", "Умрингдан бир кун қолса ҳам кўчат эк", дея ота-боболаримиз бежизга айтмаган.
"Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида, ўз яшаш ҳудудимиз, маҳалла, кўча ва хиёбонларга экаётган кўчатларимиз чор-атрофни яшилликка буркаб, автотранспорт воситалари, завод ва фабрикалардан атмосферага чиқаётган зарарли газлардан бизни ҳимоя қилиб, тоза ва соф кислород ишлаб чиқариб беради. Бир гектар майдондаги дарахт бир кеча-кундузда 220 минг 275 килограммгача карбонат ангидрид газни ютиб, 180 минг 215 килограммгача ҳавога кислород ажратиб беради.

Бу миқдор, ўртача 500 кишини кун давомида, тўртта дарахт эса бир кишининг бир кунлик кислородга бўлган эҳтиёжини қоплайди. Шунинг учун бу акцияда фаол иштирок этиб, атроф-муҳит экологияси барқарорлашишига ўз ҳиссамизни қўшаяпмиз. Бунда, Сирдарёнинг иқлим шароити инобатга олиниб, шу ҳудудга мос келадиган мевали ва манзарали дарахт, гул кўчатлари экиляпти.
ЎзА