Ютуқ ва камчиликлар муҳокама этилди
Мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларни татбиқ этиш, мавжуд қонун ҳужжатлари ва фармон-қарорлар ижросини таъминлаш учун жамоатчилик назоратини амалга оширишда нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўрни беқиёс.
Наманган шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Парламент комиссияси ва Нодавлат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, Халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятини бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, Ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссияси аъзолари ҳамда нодавлат-нотижорат ташкилотлари, адлия, молия, ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси раҳбарлари иштирокида ўтказилган давра суҳбатида Янги Ўзбекистонда ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси ва ҳамкори сифатида нодавлат ташкилотларининг жамиятдаги ролини ошириш, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини янада такомиллаштириш масалалари муҳокама этилди.

Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича парламент комиссияси раиси Адҳам Шодмонов, мазкур жамоат фонди директори Отабек Ҳусанов, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги Ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссияси раиси, Олий Мажлис Сенати асъзоси Икромхон Нажмиддинов бугунги кунда ННТлар юртимизда демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат барпо этиш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда Ватанимизнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий салоҳиятини ошириш йўлида муҳим аҳамият касб этаётганлигини таъкидлади.

Дарҳақиқат, бугунги кунда самарали фаолият кўрсатиш учун фуқаролик жамияти институтлари ва давлат органлари ўртасида мулоқотни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Натижада, нодавлат нотижорат ташкилотлари жамият қурилишида тобора мустаҳкам ўрин эгаллаб, давлатнинг тенг ҳуқуқли шеригига айланмоқда. Айни пайтда Наманган вилоятида 555 та ННТ фаолият юритмоқда. Шундан 381 таси давлат рўйхатидан ўтган, 174 таси ҳисоб рўйхатидан ўтган, уларнинг 66 таси мустақил ННТларни ташкил этади. Мавжуд ННТларнинг 454 таси жамоат бирлашмаси, 59 таси жамоат фонди, 32 таси муассаса, 10 таси бошқа ташкилий-ҳуқуқий шаклда иш олиб бормоқда. Улар грант маблағларидан самарали фойдаланиш, муҳим ижтимоий лойиҳаларни бажаришда фаоллик кўрсатиб келмоқда.
Халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан 2021-2022 йилларда ўтказилган давлат гранти ва давлат ижтимоий буюртмаси учун очиқ танловлар таҳлили шуни кўрсатадики, уларда жами 125 та ННТ иштирок этиб, улардан 40 таси давлат гранти соҳиби, учтаси давлат ижтимоий буюртмаси танлови ғолиби бўлган. Тақдим этилган лойиҳаларни амалга ошириш учун фонд томонидан 1 миллиард 919 миллион 561 минг сўм молиялаштирилган. 2023 йилнинг биринчи чорагида давлат грантининг биринчи танловида ғолиб бўлган саккизта ННТга 320 миллион сўм пул ажратилди.

Эришилган ютуқлар баробарида “учинчи сектор”да ўз ечимини кутиб турган айрим масалалар ҳам бор. Шуни айтиш керакки, ҳозирга қадар Наманган вилоятидаги ННТлар учун алоҳида бино ажратилмаган. Қолаверса, вилоятда ННТлар иштирокида ижтимоий буюртмалар учун лойиҳаларни кўпайтириш, Ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссияси фаоллигида аҳамиятга молик масалалар юзасидан ижтимоий эшитувларни олиб чиқиш лозим. Қайд этилганидек, жорий йилдан эътиборан ҳудудий жамоат фондларига ННТ учун уларни низомида белгиланган мақсад-вазифаларни бажариш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва ижтимоий фойдали мақсадларга эришиш учун давлат субсидияси ажратиш ваколати берилди. Танлаб олинган ННТ лойиҳасини ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссияси тасдиқлагач, фонд томонидан молиялаштирилади. Ҳозирги кунда вилоят бўйича 9 та ННТнинг вилоят, шаҳар ва туманлардаги 37 та бўлимига ҳар ойда 689 миллион сўмдан зиёд миқдорда субсидия маблағлари молиялаштирилмоқда.
Давра суҳбатида нодавлат нотижорат ташкилотларининг жойларда маҳаллий ҳокимлик, давлат ташкилотлари ва бошқа нодавлат ташкилотлари билан ижтимоий шериклик тамойили асосида олиб бораётган фаолияти юзасидан фикр алмашилди. Тадбир якунида, Олий Мажлис ҳузуридаги нодавлат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан жорий йилда эълон қилинган биринчи ва иккинчи давлат гранти танлови ғолибларига сертификатлар топширилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА