Юртимизни яшилликка буркаймиз!
Навоий вилоятида ҳам “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида “Яшил белбоғ”лар яратиш бўйича оммавий кўчат экиш акцияси амалга оширилмоқда.
Кармана туманида ташкил этилган марказлашган видеоселектор кўринишидаги кўргазмали акцияда вилоят ҳокими Нормат Турсунов иштирок этиб, дарахтлар экилишига старт берди ва илк кўчатларни ерга қадади.

Мана бир неча йилдирки, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан юртимизда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси амалга оширилмоқда. Натижада дарахт ва бута кўчатлари экиш, боғлар барпо этиш, яшил майдонларни кенгайтириш, саноат ҳудудларини иҳотазорлаштириш республикамизда оммавий ҳаракатга айланди.

Акцияда аҳоли ҳамда барча ташкилот ва корхоналар ходимлари фаол иштирок этиб, “Яшил макон” лойиҳасини амалга оширишда ўз ҳиссасини қўшмоқда.

Жорий йил баҳор мавсумида вилоятда магистрал автомобиль йўллари, туман-шаҳар ички йўллари ва йўл ёқалари, қишлоқ хўжалиги ерлари, фермер хўжаликлари, ижтимоий соҳа объектлари, корхона ва хизмат кўрсатиш тармоқлари, ободонлаштириш бошқармасига қарашли ҳудудлар ва маҳаллаларга қарийб 8 миллион 842 минг дона мевали ва манзарали дарахт ҳамда буталар экиш режалаштирилган.
А.Бўриев, ЎзА мухбири