Юртимиздаги осойишталик ва барқарорлик шукроналик туйғусини мустаҳкамламоқда
Рамазон — ислом олами учун энг муқаддас ва фазилатли ойлардан бири бўлиб, у нафақат рўза тутиш, балки инсон қалбини поклаш, меҳр-шафқатни кучайтириш ва жамиятда аҳилликни мустаҳкамлаш ойидир. Бу ойда нозил қилинган муқаддас китоб — Қуръони карим барча мўмин-мусулмонларни эзгуликка, сабр-тоқат ва шукроналикка чорлайди.
Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 16 февралдаги “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда инсон қадри, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, жамиятда тинчлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, аҳолини, айниқса эҳтиёжманд тоифаларни ижтимоий ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди.
Қарорда илгари сурилган “Рамазон – меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи” ғояси асосида республикамизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Сирдарё вилоятида ҳам кенг кўламли хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, маҳаллаларда ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, эҳтиёжманд оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, муқаддас қадамжолар ва қабристонларни обод этиш, атроф-муҳитни асрашга қаратилган эзгу ташаббуслар тобора кенг қулоч ёзмоқда.

– Президентимизнинг мазкур қарорига мувофиқ, муборак Рамазон ойи муносабати билан Боёвут туманида жами 2 740 та оила бир марталик моддий кўмак билан қамраб олинди, – дейди “Нуроний”лар жамғармаси Боёвут туман бўлими бошлиғи Алибек Омонлиқов. – Хусусан, 932 та давлат таъминотидаги оилага, 69 нафар ёлғиз кексага, 18 та етим ёки ота-она қарамоғисиз болалар яшаётган оилага, 1 538 та кам таъминланган оилага, шунингдек, “Маҳалла еттилиги” хулосасига асосан 183 та оилага ёрдам кўрсатилди. Бу каби эътибор ва ғамхўрлик аҳоли, айниқса нуронийлар қалбида чуқур миннатдорлик туйғусини уйғотмоқда.
Бундай эзгу ташаббуслар Сирдарё вилоятининг барча туман ва шаҳарларида изчил амалга оширилиб, жами 19 365 та оилага бир марталик моддий ёрдам ажратилмоқда. Белгиланган маблағлар 1-мартга қадар фуқароларнинг ижтимоий ҳисоб рақамлари ёки банк пластик карталарига ўтказиб берилмоқда.
– Энг эътиборли жиҳати шундаки, Президент ташаббуси билан Рамазон ойида “Ижтимоий реестр”да рўйхатда турган ҳар бир туман ва шаҳарда истиқомат қилаётган оилаларнинг оғир касалликка чалинган 41 нафар аъзосига даволаниш ва жарроҳлик амалиёти учун махсус ваучерлар топширилмоқда. Бу ҳам катта ва савобли амаллардан биридир, – дейди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Сирдарё вилоят бошқармаси Ижтимоий тўловлар шуъбаси мудири Беҳзод Нодиров.

– Тинчлик, осойишталик ва соғлик каби неъматлар бебаҳо бойликдир. Уларнинг қадрига етиш ҳар биримиз учун ҳам қарз, ҳам фарздир. Мамлакатимизда муҳтарам юртбошимиз томонидан нафақат Рамазон ойида, балки йил давомида юрт тинчлиги ва эл осойишталиги йўлида амалга оширилаётган хайрли ишлар ҳамда эзгу ташаббуслар кўплаб давлатларда учрамайди. Буни ижтимоий тармоқларда берилаётган хабарлар ва теле эфирларда намойиш этилаётган кўрсатувлар орқали яққол кўриш мумкин. Кексаларимиз қаерга бормасин, аввало юртимизга тинчлик, осмон мусаффолиги, халқимизга омонлик ва дастурхонларимизга тўкинлик сўраб дуо қилаётганларининг асл сабаби ҳам ана шунда. Юртимиздаги осойишталик ва барқарорлик ҳар бир фуқаронинг қалбида шукроналик туйғусини мустаҳкамламоқда. Илоҳим, озод ва обод, мустақил юртимизга кўз тегмасин. Юртбошимиз доимо соғ-саломат бўлсин, – дейди меҳнат фахрийси, Ўзбекистон журналистлар уюшмаси Сирдарё вилоят бўлими раиси Бойжигит Абдуллаев.
Таъкидлаш жоизки, Рамазон ойида амалга оширилаётган бундай хайрли ишлар юртимизда инсон қадри улуғланаётгани, меҳр-мурувват ва саховат тамойиллари ҳаётимизда мустаҳкам қарор топаётганининг яққол ифодасидир.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири