Юртимизда туризм салоҳиятини ошириш масалалари муҳокама қилинди
Тошкент шаҳар ҳокимлигида Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги, Туризм қўмитаси, “Ҳунарманд” уюшмаси вакиллари ҳамда ҳунармандлар иштирокида очиқ мулоқот ўтказилди.
Маълумки, ҳунармандчилик маҳсулотларини туризм ва савдо тизимига кенгроқ жалб этиш масалалари Ўзбекистонда миллий маданиятни тарғиб қилиш, ички ва ташқи туризмни ривожлантириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашнинг энг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.

Мулоқот давомида ҳунармандчилик маҳсулотларини туризм объектлари, йирик буюртмачилар ва давлат харидлари тизимига кенгроқ жалб этиш, ушбу маҳсулотларга барқарор талабни шакллантириш ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, ҳунармандларнинг туризм соҳаси вакиллари билан тўғридан-тўғри ҳамкорлигини йўлга қўйиш, хомашё таъминоти, сотув бозорларини кенгайтириш, йирик буюртмаларни бажариш, маҳсулотларни замонавий қадоқлаш ва брендлаш билан боғлиқ муаммо ва таклифлар тингланди.

Таъкидланганидек, ҳунармандчилик миллий анъана ва қадриятларни асраб-авайлаш билан бирга, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадларини ошириш ҳамда маҳаллий маҳсулотларнинг ички ва ташқи бозорлардаги улушини кенгайтиришга хизмат қилувчи муҳим иқтисодий йўналиш ҳисобланади.
Г.Бобоева, ЎзА