Юртимизда Рамазон ҳайити шукуҳи (+видео)
Қалбларга мунавварлик улашгувчи Рамазон ҳайити мусулмонларнинг энг улуғ айёмларидан биридир. Бу муборак кун ”Ийд-ал фитр” деб ҳам аталади ва рўзанинг тугашини англатади.
Ушбу қутлуғ айёмда барчамиз, аввало, шундай файзли ва барокатли кунларга етказгани учун Аллоҳ таолога шукроналар айтамиз, тутган рўзаларимиз, ибодатларимиз қабул бўлишини ундан сўраймиз.
Ҳайит куни қайта туғилиш рамзи ҳамдир. Рамазонда инсон жисмини, руҳини поклайди ҳамда нафсини тарбия қилади, келажакда уни фақат Аллоҳга маъқул амалларни бажаришга ундайди. Унинг халқимиз маънавий ҳаётида тутган ўрни ва жамиятимизда сахийлик, шукроналик, меҳр-оқибат каби фазилатларни қарор топтиришдаги аҳамияти беқиёсдир.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/SspkzYAPNbI" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Бугун юртдошларимиз Рамазон ҳайитини катта хурсандчилик билан, ўзгача кайфиятда қарши олмоқдалар. Айниқса, Президентимизнинг халқимизга йўллаган Рамазон ҳайити табриги мусулмон юртдошларимиз томонидан қувонч билан кутиб олинди.
Унда айтилишича, Янги Ўзбекистонни қуриш жараёнида ҳаётимизнинг барча соҳалари қатори диний йўналишдаги ишларимиз ҳам янги босқичга кўтарилиб бормоқда, қувонарли жиҳати, ҳаж зиёратига борувчилар сони 3 баробарга оширилган. Шунингдек, табаррук қадамжолар обод қилиниб, эҳтиёжманд кишилар, кам таъминланган оилаларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилаётгани, Ватанимизда тинчлик ва осойишталик, аҳиллик ва ҳамжиҳатликни сақлаш, халқимиз ҳаётини янада эркин, обод ва фаровон этиш асосий мақсад эканлиги алоҳида таъкидланган.
Диллардаги гина-кудратлар заволга кетиб, ўрнини дўстлик ва ҳамжиҳатлик эгалловчи, машойихлар таърифидаги каби сўз ва кўз озодалиги, тил ва дил поклиги бўлмиш Рамазон байрами барчамизга муборак бўлсин, азизлар!
Ўткир Алимов, Нишонбой Абдувоитов (видео), ЎзА