Юртимизда ҳеч ким эътибордан четда эмас
Республика Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги томонидан Тошкент шаҳридаги Ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий марказига пресс- тур ташкил этилди.
Маълумотларга кўра, ривожланган давлатлар (АҚШ, Буюк Британия, Германия Федератив Республикаси, Франция, Япония ва бошқалар.) аҳолиси таркибининг 25 фойизини кекса авлод вакиллари ташкил қилиб, бу кўрсаткич йил сайин ўсиш тенденциясига эга бўлмоқда.
Кейинги йилларда Ўзбекистонда аҳоли турмуш кечиришининг яхшиланилиши натижасида кекса авлод вакилларининг ўртача умр кўриш ёши кўпайиб, уларнинг сони мунтазам равишда ортмоқда.
Бунинг натижасида туғилиш кўрсаткичларининг нисбатан баландлигига қарамай, бугунги кунда республика аҳолиси 10 фоизини кекса авлод вакиллари ташкил қилмоқда.

Дунё аҳолисининг 15 фоизини ногиронлиги бўлган шахслар ташкил қилиб, бугунги кунда уларнинг сони 1 млрд.га етди.
Ўзбекистонда 760 мингдан зиёд ногиронлиги бўлган шахслар истиқомат қилиб, улар ижтимоий ҳимоя ва қўллаб қувватлаш, тиббий-ижтимоий реабилитация чоралари билан қамраб олинган.
Юқорида қайд этилганлар –кекса авлод вакиллари ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларга тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатиш, ҳаётини сермазмун қилиш, жамиятда эгаллаб турган фуқаровий позицияларини мустаҳкамлаш, узоқ ва мазмунли умр кечириш мақсадидаги интилишларини кучайтириш, қўллаб-қувватлаш бугунги куннинг долзарб масалалари ҳисобланади.
Пресс-тур давомида ОАВ вакиллари Ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий марказига келтирилган янги ускуналар билан танишди. Бундан ташқари, шифокорлар билан суҳбатлашилиб, беморлар иштирокида тиббий-кўрик ўтказилди. Беморларнинг даволаниш жараёнлари билан танишилиб, улар билан суҳбат ташкил этилди.
– Европага турмуш ўртоғим билан ишлашга борган эдик. Кейин эрим бошқа юртга борамиз деб Сурияга олиб кетди. Ўша ерда бахтсиз ҳодисага учрадик. Турмуш ўртоғим вафот этди. Ўзим “Меҳр– 3” операцияси билан Тошкентга келдим. Юртимизда ҳеч ким эътибордан четда эмас экан. Юртбошимизга раҳмат айтамиз. Ҳозир юролмай қолганман. Ушбу марказга иккинчи курс даволанишга келганман. Шундай бўлса-да, келажакдан, яшашдан умидимни узганим йўқ,– дейди беморлардан бири Барно Гулмирзаева.
Сўнгги йилларда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, шу жумладан, кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг самарали тизимини шакллантириш ва жорий қилиш борасида кенг миқёсли ишлар амалга оширилди.
Хусусан, ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга бепул тақдим этиладиган асосий озиқ-овқат ва гигиена воситалари сони 15 турдан 19 турга оширилди, ногиронлиги бўлган шахсларга бепул бериладиган протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситаларининг рўйхати 22 турдан 27 тургача кўпайтирилди, санаторийларда соғломлаштирилган кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг сони 43 минг нафарни ташкил этиб, 20 фоизга ортди.
Охирги тўрт йилда 27 та тиббий-ижтимоий муассасада 267,2 млрд. сўмлик қурилиш-реконструкция ишлари бажарилди ва 1327 та замонавий талабларга мос бўлган ўринлар ишга туширилди.
Марказда бўлган учрашувимиз давомида барча беморларга етарлича тиббий хизмат кўрсатилаётгани, меҳр-эътибор берилаётганига гувоҳ бўлдик. Беморларнинг кўзларида яшашга бўлган умид, ишонч порлаб турганини кўрдик.
Файзулло Яҳёев, ЎзА