Юртимиз тинчлигига кўз тегмасин
Иккинчи жаҳон урушида Бухоро вилоятидан 73 минг 688 киши фашизмга қарши курашган.
Жанггоҳларда 30 минг нафар бухороликлар қолиб кетди. Урушдан қайтганларнинг 5 минг нафаридан ортиғи жанговар орден ва медаллар билан мукофотланди. Бу қадимий юрт фарзандларидан 13 киши уруш Қаҳрамони, бир киши эса уччала даражали “Шуҳрат” орденининг тўла кавалери унвонига сазовор бўлган.
Айни кунда вилоятда Иккинчи жаҳон урушида қатнашганларнинг 15 нафари ҳаёт. Улар орасида уруш йилларида Германиянинг Ганновер шаҳридаги фашистлар концлагерида асирликка тушиб қолган, 1945 йилларда Германиядан Бухорога депортация қилинган уруш фахрийлари, татар миллатига мансуб 93 ёшли, Рейде Ресутова ҳамда 86 ёшли Катизе Менсеитовалар ҳам бор.
– Ўзим Қрим Республикаси Ичкин тумани, Беруня Бесут қишлоғида туғилганман, – дейди Бухоро шаҳри Ширбудин маҳалла фуқаролар йиғини, Ширбудин кўчаси, 7-муюлиш, 78-уйда яшовчи уруш фахрийси 93 ёшли, татар миллатига мансуб Рейде Ресутова. – Ўша машъум 1941-1945 йилларда Ленинград шаҳри қамали даврида катта завод ва корхоналарда ишлаб, фашистларнинг концлагерларига тушиб, асирлик азобини тортганман. Очиғи, бу кунларни орзу қилиш хаёлимизда ҳам бўлмаган.
Асирликда Германиянинг Ганновер шаҳридаги фашистлар концлагерида Браншевой темир-бетон заводида азоб-уқубатларни бошимиздан кечирганмиз. 1945 йилда Германиядан Тошкентга депортация қилиндим. Тошкентдан Бухорога олиб келишди. Ҳозирги Бухоро давлат университетининг бошланғич таълим йўналишида ўқидим. Турмуш ўртоғим Амет Абултаров билан оила қурдим. Турмуш ўртоғим ҳам Навоий вилоятига депортация қилинган эди. Оила қурганимиздан сўнг бир фурсат Навоийда яшадик. 2 қиз 1 нафар ўғилни вояга етказдик. Яратганга минг шукур, мана шундай, дориломон кунлар ҳам пешонамизда бор экан. Бугун толеъимдан миннатдорман. Урушдан кейинги тикланиш йилларида халқ таълими тизимида ишлаб, ёш авлодга сабоқ бердим. Эл орасида ҳурмат-иззат топдим. Ҳар байраму тантанада Давлат раҳбари ташаббуси билан биз кексаларнинг ҳолидан хабар олишади. Турмуш ўртоғим билан ёлғиз эмаслигимизни ҳис этамиз. Бундай чиройли дориломон кун кўраман деб ўйламагандим. Ўзбекистонда, Бухорода яшаётганимдан мамнунман.
[gallery-6948]
-Етти ёшимда Қримдан асирлик учун Германиянинг Ганновер шаҳридаги фашистлар концлагерига онам билан мажбурлаб вагонда олиб кетишди, - дейди Бухоро шаҳрининг А.Ғиждувоний маҳалла фуқаролар йиғини, Ширбудин кўчаси, 60-уйда яшовчи уруш фахрийси 86 ёшли, татар миллатига мансуб Катизе Менсеитова. -1945 йилда Германиядан Тошкент шаҳрига келдим. У ердан Бухорога жўнатишди. 77 йилдирки, мана шу кўҳна замин Бухорода бухоролик бўлиб яшаб келаяпман. Бухорога келганимдан сўнг шаҳардаги 1 сонли мактабда таҳсил олдим. Ўқидим, изландим. Натижада ўзим ўқиган мактабга математика фани бўйича ўқитувчи бўлиб ишга кирдим. 35 йил педагогика соҳасида фаолият юритдим. 2 нафар фарзандим бор. 4 нафар набирамнинг севимли бувисиман. Юртбошимизга, давлатимизга раҳмат.
Биз Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва уларнинг оила аъзоларига кўрсатаётган эътибор ва ҳурмат учун ташаккур билдираман. Ҳар йили санаторийларга дам олиш учун бепул йўлланма беришади. Бориб келиш учун самолёт, поездлар ҳам бепул хизмат қилишади. Ҳар тонг дуога қўл очганимда Президентимиз Шавкат Мирзиёевни соғу-саломат бўлишини Аллоҳдан тилайман. Юртимиз тинчлигига кўз тегмасин. Урушнинг номи ўчсин. Тинчликни қадрига етишишимиз керак. Ёшларга ҳам фақат тинчлик қадрига етишишни насиҳат қиламан. Пирлар юрти Бухорони жуда яхши кўраман.
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА