Юртга қайтган «қирққиз»лар
“Умрбоқий мерос” Ўзбекистон маданияти ва санъати тарғибот маркази ташаббуси билан Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида марказ қошида ташкил этилган “Қирққиз” академиясининг тақдимот маросимига бағишланган халқаро анжуман бўлиб ўтди.
Анжуманда АҚШ, Россия, Туркия, Мўғулистон, Украина, Афғонистон, Озарбайжон, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон каби хорижий давлатлардан турли соҳаларда фаолият юритаётган лидер аёллар, ўз соҳаларида катта ютуқларга эришаётган қизлар, ҳамкор ташкилотлар вакиллари ва ОАВ ходимлари ҳамда юртимизнинг оқила ва олима аёллари иштирок этдилар.
Анжуманни “Умрбоқий мерос” тарғибот маркази директори Лутфия Мирзаева очиб бериб, марказ қошида ташкил этилган “Қирққиз” академиясининг мақсад ва вазифалари билан таништирди. Шунингдек, 21-асрда Шарқ аёлларининг маънавий-маърифий мавқеи, уларнинг жамиятдаги ўрни ва роли, хотин-қизларимиз олдида турган муҳим вазифаларга тўхталиб ўтди.
Анжуманнинг бадиий қисмида “Жайхун” халқ қўғирчоқ театри асосчиси ва раҳбари Мансурбек Курязов, Умидахон Қурбонова раҳбарлигидаги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти истеъдодли ёшлари, Ўзбекистон уйғур мақом ансамбли раҳбари Гулзирахон Аблат, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Гулчеҳра Юсупова ва Малика Иброҳимова ўзларининг шеър, қўшиқ ва рақслари билан иштирокчиларга кўтаринки руҳ бағишладилар. Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони марҳум Абдулла Ориповнинг рафиқаси Ҳанифахон ҳам мавзу бўйича ўз муносабатларини билдирди.
Анжуман якунида “ҚИРҚҚИЗ қалъаси сирлари” номли ҳужжатли фильм намойиш қилинди. Биз тадбир сўнггида иштирокчилар билан суҳбатлашиб, уларнинг фикр ва мулоҳазалари билан қизиқдик.

Лутфия Мирзаева, “Умрбоқий мерос” тарғибот маркази директори:
— Бугунги анжуман "Умрбоқий мерос" тарғибот маркази учун тарихий ва хурсандчилик куни бўлди. Анжуманда биз билан бирга бўлиб, қўллаб-қувватлаган Ўзбекистон ва хорижий давлатлардан иштирок этган опа-сингилларимизга марказимиз жамоаси номидан чуқур миннатдорчилик билдирамиз. Халқимизда "Якка отнинг чанги чиқмас, чанги чиқса ҳам донғи чиқмас" деган мақол бор. Биз ҳам сиз каби тажрибали олима ва оқила аёлларнинг кўмагига, маслаҳатларига таянамиз. Шунинг учун ҳар бирингизни ҳамкорликка, дунё аёлларини тинчлик, фаровонлик ва илм йўлида бирлашишга чақираман!

Зиёда ҒАФФОРОВА, филология фанлари бўйича фалсафа доктори, Тошкент амалий фанлар университети доценти, “Шуҳрат” медали соҳибаси:
— Ғиёсиддин Хондамирнинг (вафоти – 1535/36) “Макорим ул-ахлоқ” (“Олижаноб хулқлар”) асари буюк ўзбек шоири Алишер Навоийнинг ҳаёти ва адабий фаолияти тўғрисидаги қимматли манба ҳисобланади. Унда улуғ шоир ва мутафаккир томонидан амалга оширилган ободончилик ишлари хусусидаги маълумотлар келтирилган. Жумладан, мана шундай маълумотлардан хабардор бўламиз.
Ёзилишича, Навоий Ҳиротда “Чилдухтарон” (“Қирққиз”) работини қурдирган. “Работ” – мусофирхона ёки карвонсарой деган маъноларни англатади. Шунингдек, у шаҳарда мавжуд бўлган “Чилдухтарон” кўпригини таъмирлатган. Яна “Чилдухтарон” ҳаммомини ҳам барпо эттирган.

Бу шундан далолат берадики, Навоий даврида “Чилдухтарон” номи билан машҳур жойлар кўп бўлган. Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, қирқ қиз билан боғлиқ маълумотлар Навоий замонасидан олдинги узоқ тарихга бориб тақалади.
Бугунги кунда ташкил этилган “Қирққиз” академияси олдида улкан вазифалар турибди. Жумладан, бу илмий манбаларга таянган ҳолда изланишлар олиб бориб, янги-янги маълумотларни топиш талаб этилади.

Жамила Шермуҳаммедова, Фалсафа фанлари доктори, профессор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси:
— Узоқ йиллар давомидаги аслий ҳақиқат юзага чиқиб, айнан бугун, Ташкилотчиларимизнинг машаққатли изланишлари реал воқеликка айланиб, бугун халқаро майдонда Шарқ аёли, маликалар, давлат арбоблари ва илм учун ўз жонини фидо қилган “Қирққизлар” ҳаёти, орзу-умиди, мақсадини битта йўлга бирлаштириб, аёл зотининг маърифати, ақл-заковати, интеллекти қайси аср бўлишига қарамасдан, унинг кучи, қудрати, матонати, меҳри ва муҳаббати билан ҳамиша юрти, эли, Ватани, онаизорини битта қалбга бирлаштирганини ҳамда фақат битта шиорга боғланганини исботлади. Бу шиор — аёл иффати, шарм-ҳаёси, ибоси, ғурури ва шарафи эканини “Қирққизлар” эпоси орқали барча нотиқлар ўз чиқишларида тасдиқладилар. Бу парадоксми ёки ҳаёт фалсафасими? Ёки бу жонкуяр, меҳрибон юртбошимизнинг Ўзбекистон хотин-қизларига бўлган катта ишончимикан?
Президентимизнинг "Биз бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!" шиори остида Республика Маънавият ва маърифат маркази ва бир неча ташкилотлар ҳамкорлигида барча вилоятларда “Маънавият фестивали”ни ўтказиб, бир миллионга яқин ватандошлар билан маърифатлашиб келдик.

“Қирққиз” академиясининг тақдимотини халқаро конференцияда тасдиқладик ва бутун дунё қизларини бирлаштиришга мушарраф бўлдик. Демак, Шарқ аёлларининг қудрати, маърифати, давлат бошқаруви санъати, оила маънавияти ва бола тарбияси барчаси билимга боғлиқ эканлигини бугун исботладик. Президентимиз доим "билим, билим, билим; таълим, таълим, таълим" деб таъкидлайдилар, бу бежиз эмас. Азал-азалдан "Қирққиз" академияси бутун дунёни аёллар билимига тарғиб қилган экан.
Бугун “Қирққиз” академияси ҳам барча дунё аёлларини, оналарини билим ва маърифатга бирлаштириб, дунё харитасидаги урушларни тўхтатишга, тинчлик харитасига имзо чекдик, десам хато қилмайман. Бугунги анжуман ташкилотчилари ва барча қатнашчиларга миннатдорчилик билдираман.
Анжуман юқори даражада ўтди, катта йўлга чиқдик, муваффақиятларга эришамиз, деб ишонаман. Дунё аёлларини ҳам меҳримизга бирлаштирамиз.

Ҳилола Иброҳимова, журналист
ЎзА