Юрсам дейман шу табаррук изингиздан, устозлар!
Ҳамма даврда ҳам ёш авлодни комил инсон қилиб тарбиялаш муаллимларимиз зиммасига юкланган. Устознинг ўзи тарбия топган, яхши фазилатлар эгаси бўлсагина, у ўқувчисини эзгулик сари эргаштира олишини ҳаммамиз яхши биламиз.
Энг аввало, мурғак қалбимга эзгу ғоялар Онажоним тарбиялари орқали сингган бўлса, уни маърифат нури билан жило бериб, бойитган бу менинг биринчи муаллимим - Азия Абдуллина.
Ўн бешинчи асрда ҳазрат Алишер Навоий “Ҳайрат ул-аброр” достонининг одобга бағишланган олтинчи мақолатида хўб фикрларни ёзиб қолдирганлар.
Шоир фарзанд илмли, одобли бўлиши учун унга, албатта, муаллим – устоз жалб қилиниши кераклигини уқтирган:
Қилмоқ эрур бири муаллим талаб,
Қилғали таълим анга илму адаб.
Ҳа, шундай маънан бой устознинг шогирди бўлиш бахтига муаяссар этган Аллоҳга шукроналар бўлсин!
Бу устозим 1936 йили Бухоро вилоятининг Вобкент туманида таваллуд топганлар. 1957 йили Бухоро Педагогика билим юртини тугатиб, Шофиркон туманидаги Садриддин Айний номли 15-сонли мактабда бошланғич синф ўқитувчиси бўлиб ишга келганлар. Қирқ йилга яқин шу мактабда болаларга таълим бердилар. Қанчадан-қанча инсонларнинг етук кадр бўлиб, жамиятда ўз ўрнини эгаллашига мушарраф бўлдилар.
Арабхона қишлоғида яшовчи Насулло Холов билан 1960 йили турмуш қуриб, олти фарзандни Эркин, Назира, Феруза, Ўткир, Олим, Зуҳрани ўқитиб, тарбиялаб, уйлик жойлик қилдилар.
Устоз маърифат тарқатиш билан бирга шарафли оиланинг келини, намунали оила тарбиячиси, ширин-шакар фарзандлар, невара-эвараларнинг севимли бувижониси сифатида элимиз ардоғидалар.
Уларнинг яна бир ҳамма оилаларга ибратли ҳаёт йўллари қайнота, қайноналари ҳурматини жойига қўйиб, дуолари ижобатида умргурзонлик қилиб келаётган табаррук зот эканликларида.
1966 йил биринчи синфга ўқишга бордим.
Оппоқ, чиройли, назокат бобида тенги йўқ, зиёли, кийинишлари, юриш-туришлари билан ҳаммага ўрнак Азия муллимамиз синфга қабул қилиб олдилар. 1-4 синфгача уларнинг синф раҳбарликларида таълим олдим.
Дарс ўтиш методларини ҳали ҳануз завқ билан эслаб, қойил қоламан. Муаллим синфга киришлари билан саломлашилганидан кейин ҳамма ўқувчилар ўрнидан турган ҳолида :
Жип-жип, жўжаларим,
Жип-жип, жип-жип, жўжаларим,
Дон бераман, жўжаларим! –
қўшиғини бошлаб, икки қўлларини тепага кўтариб, ҳамма бармоқларини очиб ёпаверардилар. Бутун синфдаги ўқувчилар бу ҳолатни такрорларди. Ҳар куни шу тарзда дарс бошланарди.
Бу усул ўқувчилар кайфиятини ва қон айланишини яхшилаши тайин эди. Устоз қўшиқни шундай майин, чиройли, ёқимли овозда ижро этардиларки, бу жозибали овоз мени шеъриятга, ашулага, адабиётчи бўлишга ундаган. Ҳар сафар қўлимдан ушлаб, ҳарфларни ўргатиш жараёнларида у кишидан таралган атир-упаларнинг ҳиди уларга нисбатан меҳр туйғусини жўштирарди. Ўша йиллари катта бўлиб, уларга ўхшаган чиройли кийимларни кийиб, ўқимишли, зиёли аёл бўлишни орзу қилганман. Устозим, мен учун идеал инсон бўлганлар. Бу орзуимга 1976 йили Бухоро давлат педагогика институтининг Ўзбек филология факультетига ўқишга қабул қилинганимдан кейин мушарраф бўлдим.
Азия опа биринчи навбатда ўқувчининг ички дунёсини ўрганиб, унинг қалбига йўл топардилар. Бунинг эвазига бутун синф онасини севгандай уларни яхши кўрарди. Ҳар гал турли эмлашлар учун шифокорлар келса, тамом, қўрқувдан баъзи синфдошларимиз югуриб, бориб, муаллимжон деб уларни қаттиқ қучоқлаб, онасига эркалангандай қучоқларидан чиқмай ўтирарди.
Ҳар куни мактабга тоза-озода ҳолда келишимизни синфком назорати орқали йўлга қўйган эдиларки, бу бир умрга бизнинг ҳаётимизга сабоқ бўлиб келмоқда.
Сочим жуда силлиқ, тез ўсувчан бўлганлиги учун дарров очилиб, кетаверарди. Устоз уни тараб, йиғишдан чарчамасдилар, мен эса ўз қизларидек бундан эркаланишдан қолмасдим.
Муаллимнинг гаплари бутун синф ўқувчилари учун қонундай кучга эга бўлган. Ҳар куни топшириқ берардилар, уйда уларни Онам билан бирга бажарардим. Онамнинг ҳоли жонларига қўймасдим. Инжиқ эдим. Онажонимнинг хатлари жуда чиройли, матнларни мулойим, ёқимли овозда ўқиб берадилар. Бу оғир, вазмин, ёқимли садо менинг қалбимда адабиётга меҳр янада кучайтирарди.
Уйда жуда эрка ўсганман. Икки бувим, онажоним, Раҳима янгам ва яна қанча хизматимизда бўлган аёллар бағрида ўсганмиз. Баъзан уй юмушларидан кўра бир китобни ўқишни ёки бўлмаса мультфильм кўришни ёқтирардим. Устоз ҳар бир ўқувчининг тарбияси, ўқиши юзасидан уларнинг ота-оналари билан тез-тез учрашиб, гаплашиб олардилар. Бир одатим бор эди, китоб ўқиш ёки бирор иш билан машғул пайтимда, иккинчи ишни буюрсалар қўлимдаги ишни битирмасдан янгисига ўтолмасдим, гапларини қайтариб ташлардим. Бу феълим дадам орқали устозга етиб борибди, синфдошларим ўртасида танбеҳ бердилар. Шунақанги хафа бўлганманки, уйга келиб роса йиғлаганман, шу-шу иш айтилса, яна изза бўлмасликни ўйлаб дарров киришадиган бўлгандим.
Устознинг эзгулик йўлида қилган меҳнатлари маҳсули сифатида қанчадан-қанча шогирдлари қатори каминага ҳам у кишининг ҳаёт йўлларидан ибрат олиб яшаш бахти насиб этганига Аллоҳга шукроналар қиламиз.
Шунга амин бўлдимки, инсон нимани орзу қилса, Аллоҳ ўзи етказар экан. 1980 йили ўқишни тугатиб, ўзим битирган мактабимда устоз билан ишлаш бахтига эришдим.
Тақдирда Тошкентда яшаш насиб этган экан. Устоз сабоқлари турли олий ўқув юртлари ўқитувчиси бўлиб ишлаганимда ва Республика Маънавият ва маърифат марказидаги фаолиятимда ўз натижасини берди. Бу идора вакили сифати республикамизнинг барча вилоятларида, шунингдек, турли вазирлик, идораларда ўтказилган маънавият тадбирларида нотиқ сифатида чиқишларимнинг замирида устознинг меҳнатлари борлигини ҳар доим ҳис қилганман. Иш фаолиятимда нимаики ютуқларга эришган бўлсам, бу улар берган таълим ва тарбиянинг маҳсули деб биламан.
Устозим ҳозир 86 ёшдалар. Илоҳим, соғ-саломат бўлсинлар.Улар билан ҳар қанча фахрлансак, арзийди. Улардан бир умрга қарздорман.

Юқори синфда устозимиз Шариф Юсупов ва Ҳаким Тоҳиров ўзбек тили ва адабиёти фанида дарс бердилар. Юсупов домламиз дарсни жуда таъсирли қилиб, ўтардилар. Воқеаларни баён этаётган пайтлари биз ўқувчилар шу асарнинг ичига шўнғиб кириб кетардик. Зўр қилиб, тушунтирганликлари боис асардаги воқеалар тўқима бўлса ҳам чиппа-чин ишониб қолардик.
Тоҳиров домламиз 1976 йил ўнинчи синфда ўқиётган пайтимиз адабиёт фанидан дарс ўтдилар. Билимли, дунёқарашлари кенг, жуда жиддий эдилар. У киши кулмасдилар. Шунинг учун у кишидан ҳар нарсани сўрашдан ҳайиқиб турардик. У кишидан қалбимга адабиётга ошнолик жо этганликлари учун жуда миннатдорман.
Олий даргоҳда биринчи курсда Охунжон Сафаров домламиз ифодали ўқиш фанидан дарс ўтдилар. Улар дарсни шунақанги қизиқарли ўтганларки, адабиёт фани мутахассислигини танлаганимга шукроналар қилганман. Ҳар бир машғулотда шеър ёдлаб, уни ифодали айтиб берардик. Устознинг ҳар бир дарслари адабиётга муҳаббатимни кучайтиргани аниқ. Охунжон домламиздек завқли, адабиётга ошно гўзал қалб эгаси жуда кам бўлади, десам муболаға бўлмайди. Аллоҳим, жаннатларда жой ато этсин!
Адабиётга ошнолик мени Алишер Навоий ҳамд ва наът ғазаллари ғоявий-бадиий хусусиятларини тадқиқ этишга ундади. Бунга дастлаб атоқли шарқшунос, филология фанлари доктори, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби, профессор Нажмиддин Комилов даъват этдилар ва руҳлантирдилар. Сўнг Самарқанд Давлат университети профессори, филология фанлари доктори, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби Муслиҳиддин Муҳиддинов раҳнамолик қилдилар. Бу устозлардаги одамийлик, эзгу фазилатлар ҳаммамизга намуна бўлиши керак. Адабиётни севган, ундан завқлана олган қалблардан ёмонлик ҳамиша йироқ юради.
Устозларимга ҳавас қилиб, юрсам дейман шу табаррук изингиздан, деб қоламан.
Зиёда ҒАФФОРОВА,
“Умрбоқий мерос” Ўзбекистон маданияти ва санъати тарғибот маркази директори ўринбосари, филология фанлари бўйича фалсафа доктори.