Юқори тоифадаги корхоналар сафи кенгаймоқда
Бухоро вилоятида солиқ хизмати ходимлари томонидан ҳудудларда барқарорлик рейтингининг мазмун-моҳиятини тадбиркорлик субъекти вакилларига етказиш мақсадида уларнинг манзилларига бориб, учрашувлар ташкил қилмоқда.
Учрашувларда солиқ хизмати ходимлари бизнес вакилларига барқарорлик рейтингида юқори тоифани эгаллаши учун “Солиқчи-кўмакчи” тамойили асосида керакли тушунтиришларни бермоқда.

Жумладан, Когон туманида фаолият юритаётган жун газлама ишлаб чиқаришга мўлжалланган “Омад кумушкент” корхонаси айни пайтда барқарорлик рейтингининг ўрта тоифасида фаолият юритмоқда.
– Солиқ хизмати ходимлари корхонамизга келиб, раҳбаримиз билан учрашди, – дейди корхона бош ҳисобчиси Тамара Амруллаева. –Учрашувда барқарорлик рейтингининг ўрта тоифасидан юқори тоифага ўтиш ва юқори тоифа учун белгиланган имтиёзлар тўғрисида тарқатма материаллар орқали тушунтиришлар олиб борди. Юқори тоифа учун белгиланган имтиёзлар жуда кўп экан. Раҳбаримиз билан режаларни тузиб олдик. Албатта, юқори тоифа учун ишларни амалга оширамиз. Бу биз учун жуда ҳам қулай.

Фаолияти хизмат кўрсатишга мўлжалланган “Goodwell servis” корхонаси ҳам айни пайтда рейтингнинг ўрта тоифасида фаолият юритиб келмоқда. Солиқ хизмати ходимлари корхона иш юритувчиси билан учрашувда корхонани юқори тоифага чиқариш борасида керакли маслаҳатларини берди.

Маълумот учун: айни пайтда Бухоро вилоятида 35 мингдан ортиқ юридик шахс фаолият кўрсатмоқда. Рейтинг доирасида уларнинг 60 дан ортиғи юқори тоифа, 2 600 дан ортиғи ўрта тоифа, 14 000 га яқини эса қониқарли ҳамда қолган юридик шахслар қуйи тоифадаги корхоналар сирасига киради.

Вилоят солиқ хизмати ходимлари ҳудудда юқори рейтингли корхоналар кўпайиши учун тадбиркорларга амалий кўмак бермоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири