Юнусобод метросидаги фалокатда 20 ёшли бўз йигит ҳам вафот этди
Йигирманчи баҳоридан Ўтолмаган элдошим.
Ер қаърига сув кетгандай
Дилимга оқди ёшим,
Йигирманчи баҳоридан
Ўтолмаган элдошим.
Сенинг азиз пешонангга
Тақдир шуни битганми?
Уйингдаги жигарларинг
Сени шундай кутганми?
Ота-она орзусидай,
Адл ўсган теракдай,
Бу оламнинг зўр ишига
Талабгордай, керакдай,
Ўйнаб-кулиб ўсган эдинг,
Кенгликларда тойчоқдай,
Сенинг гулдай қисматингга
Тақдир шуни битганми?
Янги йилга азизларинг
Шундай совға кутганми?
Олис-яқин манзилларда
Ғамгин бўлди ҳамдамлар.
Афтобусда сезиб турдим,
Дуо қилди одамлар.
Оғиргина, жим-жимгина
Ўтди бундан қадамлар,
Умид жоми синар бўлди,
Очилиб қолди камлар,
Қулоч урган бу оламда
Ризқ-насибанг битганми?
Кўкрак берган азиз онанг
Сени шундай кутганми?
Илк севгидай порлаб, тўлиб
Чарақлатиб оламни,
Ер остидан умид топиб,
Ер устидан мотамни,
Зориллатиб, изиллатиб
Ҳали йигит отангни,
Сенга кўнгил қўйган сулув
Қарғашин билмас кимни,
Бир умрда икки бора
Ерга кирган ўғлоним,
Тасодифлар дунёсига
Ўт қўйгудай исёним,
Сирга, ишққа тўлган ёшинг,
Шу нуқтада битганми?
Элу юртинг, дилбандларинг
Сени шундай кутганми?
Йўл қурганга шафоат бор,
Иноят бор, демишлар.
Тилар бўлса қадоқ қўллар
Ижобат бор, демишлар.
Оддий одамлар кўп, аммо,
Оддий хотиралар йўқ,
Ғойиблардан қилсанг тилак
Фароғат бор, демишлар,
Қисмат бичган либосини
Эрта кийган ўғлоним,
Ҳаётини ҳаммадан ҳам
Кўпроқ суйган ўғлоним.
Таскин оғир, таскинларни
Тангрим сенга ёр қилсин,
Ер устида йўқотганинг
Ер остида бор қилсин!
Ер устида йўқотганинг
Ер остида бор қилсин!
Шодмонқул САЛОМ
19.12.2019 й.