Юлдузларга боқиб излайман оҳанг
Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Зокиржон МЎМИНЖОНОВ шеърлари.
Адабиёт гулшани
Олис юлдуз шуълалар сочиб,
Атрофимда бўлар парвона.
Юракдаги сирларин очиб,
Айтиб берар эртак, афсона.
Мафтун этар, бағишлар ҳузур,
Вужудимда уйғотар дард, ишқ.
Руҳим этар сарбаланд, мағрур,
Шуълаларга бўламан ошиқ...
***
Юртинг нафасини олисдан туйсанг,
Борингни, йўғингни бахш этиб суйсанг,
Ватанни ҳар недан муқаддас қўйсанг,
Бир сиқим тупроқ, деб чинакам куйсанг,
Инсонсан, бахтиёр қилгулик ҳавас,
Эл ичра элпарвар бўла олсанг, бас!
***
Афғон томонлардан елади насим.
Минг бир жон садқадир адир, сойига.
Дард, ҳасрат чекинар – этаман таъзим,
Унда ётган Ҳазрат хоки пойига.
Афғон! Сен қадимий юртсан мунаввар,
Кавсар боғларингда таралган сабо.
Ватандир эъзозли Ҳиротдек шаҳар,
Туғилган бу юртда Алишер бобо!
Мушкулдир тушунмоқ баъзан ҳикматни,
Бир қавм наслидир аслида халқлар.
Тил битса, айтарди шу ҳақиқатни,
Уммоннинг қаърида сузган балиқлар.
Оламда бунча кўп синоат-сирлар?
Бугун замин инграб, кимнидир йўқлар.
Дарахтга жон кириб гоҳи шивирлар:
“Ўйлаб чиқарилган не учун ўқлар?”.
Навоийни эслаб ёзилди ашъор,
Лекин кўнгил ғашдир, юракда фиғон.
Қанча тенгқурларим руҳлари бедор,
Хотираси яшар, сен гувоҳ – Афғон.
Зокиржон МЎМИНЖОНОВ,
шоир, Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси
PS: Зокиржон Мўминжонов 1961 йили Жанубий Қозоғистон вилояти Сайрам қишлоғида туғилган. Тошкент театр ва рассомлик санъати институтини битирган. Илк шеърий тўплами «Кўклам камалаги» 1993 йилда нашр этилган. Бадиий таржима билан ҳам шуғулланади. Қозоқ ва рус тилларидан У. Есдаулет, С.Адамбеков, М.Байғут, И.Ўмар, Ю. Кунгурцев, Ж. Худойбердиев, С.Исоқов, А.Файзуллаев каби адибларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилган.