“Юксалиш мактаби”нинг филиали иш бошлади
Бухоро вилояти Ғиждувон тумани “Ҳавзак” маҳалла фуқаролар йиғинида “Юксалиш мактаби”нинг филиали ўз фаолиятини бошлади. Мактаб очилишига бағишланган тадбирда туман ҳокими Шерзод Ашуров, “Юксалиш мактаби” асосчиси Муҳаммадали Эшонқулов, мактаб ва мактабгача таълим бўлими масъуллари иштирок этди.
Ушбу таълим маскани 11 йиллик таълим тизимига асосланган бўлиб, унда шинам ва замонавий жиҳозланган хоналар, зарур шарт-шароит ҳамда 200 ўринга эга бўлган ётоқхона мавжуд. Бунда ихтисослаштирилган ҳамда давлат таълим стандартидаги фанлар, китобхонлик, қўшимча тўгараклар ҳамда робототехника фани, шунингдек, инглиз, корейс, рус ва араб тили, спортнинг шахмат-шашка тўгараклари фаолияти йўлга қўйилган.





– Аслида Бухорога бегона эмасмиз, ота-боболаримиз бухоролик бўлишган, – дейди Муҳаммадали Эшонқулов. – Юз йил аввал боболаримиз баъзи сабабларга кўра Жиззахга кўчиб кетишган. Бугун мен тўртинчи авлод вакилиман. Мақсадимиз бухоролик маҳаллий болаларни ўқитиб, илмни ривожлантиришдир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.