Юксак шараф ва чексиз масъулият
Муносабат
Халқимиз Президентимиз томонидан илгари сурилган “Янги Ўзбекистон – янгича дунёқараш” тамойили асосида шахдам одимлаётган, яратувчанлик руҳи билан яшаётган бир пайтда, 2022 йил 19 январь куни “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорнинг қабул қилиниши айни муддао бўлди.
Мамлакатимизда келажагимиз эгалари бўлмиш ёшлар масаласи яна бир карра давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Зеро, юртимиз аҳолисининг салмоқли қисмини ёш авлод ташкил этади.
Халқимиз ёшларнинг тарбияси, бинобарин, комил инсон сифатида ўсишига катта эътибор билан қараган. Бугунги глобаллашув жараёнида ёшларга нисбатан диққат-эътиборли бўлишнинг ўзи камлик қилади. Мазкур масалани ижобий ҳал қилишнинг энг мақбул йўлларидан бири, шубҳасиз, маҳалла билан ҳамкорлик қилишдир.
Халқимизда “Қуш уясида кўрганини қилади”, “Бир болага етти маҳалла ота-она” каби ҳикматлар бор. Бунинг замирида ёш авлод тарбиясида оила ва маҳалланинг роли жуда муҳим экани мужассам. Шундай экан, доимо давлатнинг кичик қўрғони сифатида оиланинг мустаҳкамлиги учун ҳаракат қилинган. Айни шу туфайли маҳалла аҳлининг тинчлиги, фаровонлиги ижтимоий-иқтисодий ҳолатига чамбарчас боғлиқ бўлиб келган.
Миллий қадриятлар ва анъаналаримиз моҳиятини тўғри англаб етиб, уларни ҳаётга тадбиқ этиш мақсадида олий ўқув юртлари билан маҳалланинг ўзаро алоқасини мустаҳкам кўзланган мақсад сари қўйилган муҳим қадам бўлади.
Мазкур ҳужжатни Учинчи Ренессанс бунёдкорлари бўлмиш йигит-қизларимизга нисбатан навбатдаги ғамхўрлик сифатида қабул қилиш мумкин.
Одатда маҳалла қўмитасида ишлайдиган ходимларнинг кўпчилиги улуғ ёшли бўлганликлари учун ҳам ёшлар ботиниб, бориб уларга мурожат қилгани ийманади. Маҳаллада ёшлар билан ишловчи алоҳида ходимнинг, аниқроғи ёшлар етакчисининг бўлиши муаммоларнинг ижобий ҳал этилишини таъминлайди, деб ўйлаймиз.
“Ёшларнинг бўш вақти – душманнинг иш вақти” деган нақл бор. Эртамиз эгаларининг бўш вақтини мазмунли ўтказишда турли спорт мусобақалари, маънавий-маърифий тадбирлар, адабий кеча ва учрашувларнинг ўтказилиши албатта, ўз самарасини беради. Айниқса, алоҳида иқтидор ва истеъдод эгаси бўлганларга эътиборнинг кучайтирилиши, кўрик-танловлар ғолибларининг рағбатлантирилиши ҳам муҳим тарбиявий аҳамият касб этади.
Яна бир муҳим жиҳати шундаки, Президентимиз қарори билан олий таълим муассасаларининг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректорларига биринчи проректор мақомининг берилиши масаланинг нақадар муҳимлигини кўрсатиб турибди. Бу эса ёшларнинг таълим-тарбияси, уларни Она Ватанга меҳр ва муҳаббатларини янада ошириш кечиктириб бўлмас иш эканлигини яна бир бор кўрсатмоқда. Бу соҳада фаолият олиб бораётган масъуллар учун катта шараф ва чексиз масъулият ҳамдир.
Биз Наманган давлат университети жамоаси давлатимиз раҳбарининг қарорини ўз вақтида қабул қилинган тарихий ҳужжат сифатида баҳолаймиз ва у келажакда ёшлар орасида жуда кўплаб иқтидор эгаларининг тарбияланишида муҳим аҳамият касб этади.
Наримон Деҳқонов,
Наманган давлат университети
ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори.
ЎзА