Юксак марраларни кўзлаётган Жасурбек
Сўнгги йилларда мамлакатимизда Олимпия ўйинлари дастуридан жой олган спорт турларини аҳоли ўртасида оммалаштириш ва маҳоратли спортчиларни аниқлаш мақсадида бир қатор самарали ишлар олиб борилмоқда. Бунинг самарасида эса Олимпия ўйинлари дастуридан жой олган ҳар хил спорт турлари юртимизда ташкил этилаётир.
Жумладан, триатлон бугун ёшларимизнинг қизиқиши ортиб бораётган спорт турларидан бўлиб, дастлаб 1995 йилда мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” жамияти тузилмасида триатлон бўйича бўлинма сифатида ташкил топди. Орадан узоқ йиллар ўтиб 2019 йил 3 май куни Ўзбекистон Триатлон федерацияси ташкил этилди. Федерациянинг ташкил этилиши эса мамлакатимизда ҳаваскор ва профессионал триатлончилар пайдо бўлишига замин яратди. Бугунги кунга келиб Траитлон федерацияси томонидан триатлонни оммавий спорт тури сифатида тарғиб қилиш, ёшларни триатлонга қизиқтириш борасида бир қатор нуфузли мусобақалар, спорт тадбирлари ташкиллаштириб келинмоқда. Мазкур тадбирларда эса жаҳон миқёсидаги профессионал спортчилар иштирок этиб, мамлакатимиз ҳаваскор спортчиларининг маҳоратини оширишга ҳисса қўшмоқда.

Ана шундай ҳаваскор спортчиларимиздан бири Жасур Пўлатовдир. ЎзА мухбири ўз олдига улкан мақсадларни қўйган спортчимиз билан, мамлакатимизда триатлончиларга яратиб берилаётган шароитлар, мазкур спорт тури бўйича олиб борилаётган машғулотлар ва олдиндаги режалар ҳақида суҳбатлашди.
– Жасур, айтингчи триатлон ўз ичига қайси спорт турларини олади ва неча йилдан бери ушбу спорт тури билан шуғулланасиз ҳамда нега айнан триатлонни танлагансиз?
– Ҳозирги пайтда Олимпия дастурига кирувчи триатлоннинг энг оммабоп шакли ўз ичига сузиш, велопойга ва югуриш босқичларини олади. Шу боисдан ҳам мазкур спорт тури билан шуғулланувчилардан юқори жисмоний тайёргарлик талаб этади. Триатлон билан 2022 йилдан бери мунтазам шуғулланиб келаман. Аввал эса 2018 йилдан бери югуриш билан профессионал тарзда шуғулланганман. Триатлон спорт турини танлашимнинг асосий сабаби бу 3 та спортни ўз ичига олгани, инсонни ҳар томонлама чиниқтириши, ҳар доим жисмоний ҳолатни бир маромда ушлаб туриш кераклиги ва оммавийлигидир. Қолаверса, бу спорт тури халқаро даражадаги ҳаваскорлар ўртасида мусобақаларга қатнашиш имкониятини беришидир.

– Машғулотлар қандай ўтиши ҳақида гапириб берсангиз?
– Дастлаб ушбу спорт тури билан фаолиятимни мураббийсиз бошлаганман. Машқларни ўзим билганимча қилар эдим, бироқ бундай шаклда натижа кўрсата олмаслигим ва ўзим танлаган маррага етиб бора олмаслигимни ҳис қилдим ва биринчи мураббийим Екатерина Кандакова қўл остида шуғулландим. Ҳозирда эса юртимизда фаолият кўрсатаётган россиялик мутахассис Вячеслав Круглов бошчилигида машғулотларни олиб бормоқдаман.
Машқларимиз турлича ўтади. Ҳар бир мусобақа олдидан спортчини қандай масофага тайёргарлик кўришига қараб фарқланади. Қисқа масофалар бўлган мусобақаларга бошқача дастур, узоқ масофаларга эса сал мураккаброқ дастурлар белгиланади. Aлбатта, спортчининг жисмоний ҳолати, тайёргарлиги инобатга олинади. Юкламалар ҳафталарга ажратилиб берилади. Масалан, 1-4-ҳафталарда кўпроқ енгил кўринишдаги машқлар, 4-8-ҳафталарда эса интенсив машғулотлар ўтказилади. Одатда барча машғулотлар эрталаб ва кечқурун ташкил этилади. Ўртача ҳаваскор спортчи учун ҳафтасига 8-10 соат машғулот зарур. Спортчининг юкламаларини мураббийлар унинг ҳолатига қараб белгилаб беради. Триатлонда 3 та спорт тури бўлгани учун бир ҳафтада 3 та спорт тури турли кунларга тақсималанади, масалан душанба сузиш, чоршанба югуриш, пайшанба эса велоспорт. Aлбатта, ҳафтанинг бир куни тўлиқ дам учун ажратилади. Тўғри овқатланиш ва сифатли уйқу ҳам спортчи учун зарур бўлган элементлардан бири.

– Триатлон мамлакатимизда қандай оммалашмоқда ва федерация томонидан яратилаётган шароитлар ҳақида нима дея оласиз?
– Триатлон бугун аҳолимиз ўртасида жадал оммалашмоқда. Бу спорт турида инсон ҳақиқатдан ҳам ўзининг жисмоний имкониятлари қай даражада эканлигини аниқлай олади. Чунки бир вақтнинг ўзида 3 та спорт турини бир маромда олиб бориш учун инсонда темир ирода, сабр ва чидамлилик бўлиши зарур. Триатлоннинг яна бир ажойиб тарафларидан бири ҳар ким истаган ёшида бу спорт билан шуғулланиши, ўзининг устида ишлаб, яхши натижалар кўрсатиши мумкин. Шу босидан ҳам юртимизда мазкур спорт тури юқори суръатларда оммалашмоқда.
Федерация маъмурияти томонидан триатлон спорт турини оммалаштириш, уни янги поғоналарга олиб чиқиш йўлида катта қадамлар қўйилган. Буни ҳар йили ўтказиб келинаётган мусобақалар кўламидан билсак ҳам бўлади. Бу йил халқаро нуфузга эга бўлган “Challenge” пойгалари серияси илк бор Ўрта Осиёда – Самарқанд шаҳрида ўтказилиши ҳам бу спорт турининг юртимизда ривожланаётганидан далолат беради. Биз, ҳаваскор ва профессионал спортчилар учун барча имкониятлар яратилган.

– Олдинда турган мусобақалар ва режалар ҳақида гапириб берсангиз?
– Энг катта мусобақа бу жорий йилнинг 16 ва 17 сентябрь кунлари Самарқандда ўтадиган “Challenge Samarkand” спорт фестивали доирасида “Challenge Family” халқаро бренди таркибига кирган триатлон бўйича пойгада иштирок этиб, натижа кўрсатишдир. Ҳозирда мамлакатимизда шу кунга қадар ўтказиб келинган мусобақаларда иштирок этиб келмоқдаман. Насиб қилса, Самарқанддаги мусобақада юқори натижа қайд этиб, билдирилаётган ишончни оқлайман. Шунингдек, халқаро мусобақаларда мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилиш ва шоҳсупага кўтарилишни режа қилганмиз. Бу каби юксак натижаларга эришишимиз учун мамлакатимизда барча имкониятлар етарли.
Ҳа, бугун Жасур Пўлатовдек юксак марраларга интилаётган ёшларимиз сафи кенгаймоқда. Умид қиламизки, мамлакатимизда спортга қаратилаётган эътибор ва яратилаётган шароитлардан унумли фойдаланаётган ёшларимиз, келгусида юрт шарафини янада улуғлаб, Осиё ва Олимпия ўйинлари, жаҳон ҳамда қитъа чемпионатларида шоҳсупа тўридан жой олади.
ЎзА мухбири
Жавоҳир Тошхўжаев
суҳбатлашди