Юксак марраларни кўзлаган Машҳура
2024 йил – Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили
Бухоролик Машҳура Юсупова истеъдодли гимнастикачилардан.
Бухоро шаҳридаги “Нафис” гимнастика спорт саройига ота-онаси олиб борганида у беш ёшли синчалакдек қизалоқ эди. Аввалига бироз қийналган Машҳура тенгдош қизларга ҳавас қилиб, машғулотларни яхши ўзлаштирди, мураббийлари берган топшириқларга сўзсиз амал қилишни, спорт интизомини ўрганди.
Кўплаб истеъдодларни юзага чиқарган таниқли мураббийлар – Римма Хохлова ва Зарема Денислямова қўл остида шуғулланган Машҳура қисқа фурсатда ўзини намоён қила бошлади. Илк мусобақадаёқ, яъни, бадиий гимнастика бўйича вилоят кубогида фахрли учинчи ўринни қўлга киритгани унинг ҳаётида муҳим воқеа бўлди. Ахир энг сара спортчилар баҳслашадиган мусобақада илк маротаба қатнашиб, ундан яхши натижа билан қайтиш камдан-кам спортчига насиб этардида. Шундан сўнг у бирин-кетин муваффақият пиллапоялари сари кўтарила бошлади. Ўтган давр мобайнида вилоят ҳамда республика миқёсидаги саксонга яқин нуфузли мусобақада иштирок этиб, совринли ўринларни банд этди. Спорт усталигига номзод, қатор медаль ва дипломлар соҳибаси бўлди.
[gallery-15368]
Айни пайтда Машҳура Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг спортни бошқариш факультети гимнастика спорт турлари назарияси ва услубиёти кафедрасида 2-босқичда таҳсил олмоқда.
М. Юсупова ўзининг намунали хулқи, аъло баҳолари, дарслар ва ўқув-амалий машғулотларни пухта ўзлаштириши билан сабоқдошларига ўрнак бўлиб келаётир. У университет миқёсида ўтказиладиган барча маънавий-маърифий тадбирларда, спорт мусобақаларида, шунингдек, республика ва халқаро илмий-амалий анжуманларда ўзининг илмий ишлари билан фаол иштирок этиб келмоқда.
Спортда мувозанатни сақлаш мураккаб жараён. Яъни, ҳамма ҳам бу соҳада олис марраларни кўзлай олмайди. Бир-икки натижадан кейин бори билан қаноатланиб қоладиган ёки кичик бир муваффақиятсизликдан дили сиёҳ бўлиб спортни ташлаб кетадиганлар ҳам бор. Қаҳрамонимиз эса ҳануз юксак марраларни кўзлашдан тўхтагани йўқ.
Тоҳир ИСТАТОВ(сурат),ЎзА