Юксак маънавият оддий маданиятдан бошланади
Муносабат
Маънавияти юксак, маданияти қадимий ва маърифати ибратли бўлган миллат ҳамиша қадрланган. Ўтмишдан ҳозиргача шу каби фазилатга эга бўлган халқнинг мавқеи ҳам юқори баҳоланган. Шундан келиб чиқиб, миллатлар ва элатлар бир-бири билан бўлган мулоқотларда шу жиҳатларга асосий эътиборни қаратганлиги ҳам бежиз эмас.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Республика Маънавият ва маърифат Кенгашининг йиғилишида ижтимоий соҳа, адабиёт, санъат, маданият, диний, таълим, педагоглар фаолияти, ёшлар тарбияси каби долзарб масалаларга алоҳида тўхталиб ўтди. Тилга олинган ҳар бир соҳа ҳақида батафсил фикр юритиш мумкин.
Қуйида театр соҳасидаги айрим мулоҳазаларимни ўртоқлашмоқчиман.
Театр санъати азалдан инсон тарбиясида муҳим омил саналган. Театр бу саҳна, инсонлар саҳнадаги актёрлар, деган иборани кўпчилик яхши билади. Чунки ҳаётнинг ҳар бир лаҳзаси инсон учун каттами- кичикми бир ролга қиёсланади. У салбий ёки ижобий бўлсин, инсон шу орқали ўзига баҳо бериб, ўзини ислоҳ қилиб бориши лозим. Шу жиҳатдан театр катта мактаб вазифасини ўтайди.
Театр деганда илк бор мактаб саҳнасида кичкина ролни ижро этганим ёдимга тушади ва ўша вақтдаги туйғуни ҳис қиламан. Дўстлар билан мактаб даврини эслаб қолгудек бўлсак, ўша образ яна ёдимга тушади. Ҳозиргача ҳам ўша даврни энтикиш билан эсга оламан...
Талабаликда адабиёт назарияси фанидан устоз Ҳулкар Олимжонова сабоқ берарди. Бир куни дарсга келсак, Ҳулкар опа “Биламан, ҳаммангизда чарчоқ бор. Бугун сизларга дарс ўтмайман. Деканатдан рухсат олганман. Ҳозир ҳаммамиз Ҳамза театрига (ўша пайтда шундай аталарди) борамиз. Бугун “Юлдузли тунлар” номли спектакль намойиш этилади. Келаси дарсга шу спектакль асосида ўз тушунчангиз ва қарашларингизни баён этиб, ёзма иш топширасизлар” деди.
Театрга келдик. Томошабин анча сийрак экан. Бўш ўриндиқлардан жой олиб жойлашдик. Саҳна безаклари, актёрлар либослари, мусиқалар, жонли айтишувлар, айниқса, орқа фонда Шерали Жўраевнинг “Андижоним қолди менинг... “ деб куйлаган қўшиғи ҳамон қулоқларим, кўз ўнгимдан кетмайди. Бу барча талабалар онг-шуурида бир умрга муҳрланиб қолган бўлса, ажаб эмас.
Шу сабаб бўлдими, театр томошаларига оилавий ва дўстлар билан бориб турадиган бўлдим. Лекин ҳар сафар бир нарсадан қониқмай қайтаман. Театр бу жонли ижро. Ҳаётий воқеалар, ҳодисалар кўз олдингизда жонли гавдаланади. Актёрлар бутун вужуди билан терга ботиб томошабин билан мулоқотга шайланади. Лекин томошабин бунга доим лоқайд қарайди. Кейинги тўрт-беш йил давомида кишини ғашига тегадиган ҳолатлар сабабми томошаларга бормай қўйдим.
Сўнгги бор Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрига бордим. Жуда гўзал томоша. Лекин томошани кўришга томошабин тайёр эмас, деган фикрга келдим. Сабаби оддий томошабин маданияти етишмаслиги. Тасаввур қилинг, саҳнада актёр тўлақонли жонли ижрода кишини мушоҳадага чорловчи, юракни эзувчи, кўзга беихтиёр ёш келтирувчи сўзларни баён қилмоқда. Шу пайт томошабин қўлидаги гўдак хархаша қилиб қолди. Яна беш-олти ёшлар чамасидаги икки болакай томошабинлар орасидаги йўлакда бақир-чақир қилиб югургилаб юрибди. Яна бир ўриндиқда икки ёш кабутарлардек бир-бирига суяниб, нималарнидир шивирлаб ўтирибди. Томоша залида жимлик. Ҳар бир товуш томошабинга эмас, актёрларга ҳам жаранглаб эшитилади. Бу ҳолда томошабиннинг ҳам, актёрнинг ҳам фикри бўлиниши бор гап.
Шундан кейин ўйладим. Яхши асар йўқ, яхши драматург йўқ, шунинг учун томошабин театрдан кўнгли совиган, деган гапларнинг ҳаммаси бекор, аслида бизда маданиятли томошабин етишмайди, деган хулосага келдим. Театрга келган томошабин ўзи билан егулик, ичимлик ва эрмак учун турли нарсаларни олиб кириб, ҳамманинг эътиборини тортиши –бу ўта маданиятсизликнинг белгиси.
Маънавият ва маданият қудратли кучга эга бўлишини амалда кўрсатиш лозим. Президентимиз йиғилишда “Таъкидлаб айтмоқчиман: бугун маънавият бошқа соҳалардан ўн қадам олдинда юриши керак, маънавият янги кучга, янги ҳаракатга айланиши шарт!” деб алоҳида урғу берди.
Бу бежизга айтилмади. Ҳар биримиз ўзимизни ислоҳ қилишимиз лозим. Буни энг, аввало, оиладан бошлашимиз керак. Оиладаги тарбия бирламчи кучга эга. Фарзандларимиз маданиятли бўлса, жамиятда тутган ўрни, салоҳияти билан юрт равнақига муносиб ҳисса қўша олади. Оила ва мактаб ўртасидаги бўшлиққа йўл қўймаслик, бу ёшлар тарбиясида етакчи омил бўлишини дилдан ҳис этмоғимиз зарур.
Ёшларни намунали хулқ эгаси қилиб тарбиялаш ҳар биримизнинг бугунги кундаги энг муҳим вазифамиз бўлмоғи лозим. Юксак маънавият оддий маданиятдан бошланишини унутмайлик.
Асрор Сулаймонов, ЎзА мухбири