Юксак ишонч ва шарафли масъулият
Ўзбекистонни бугунги тараққиётининг янги босқичида барча соҳаларда изчил ва оқилона сиёсат олиб борилмоқда.
Ўзбекистонни бугунги тараққиётининг янги босқичида барча соҳаларда изчил ва оқилона сиёсат олиб борилмоқда. Айни пайтда таълим, илм-фан ва маърифатни янада ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳар бир зиёлига фахр-ифтихор туйғуларини бахш этиш билан бирга шарафли бўлган масъулиятни ҳам юклайди.
Олий таълимни ривожлантириш учун биргина ўтган йилда 19 та янги олий ўқув юрти, жумладан, 9 та нуфузли хорижий университетнинг филиали очилганлиги, етакчи хорижий университетлар билан ҳамкорликда 141 та қўшма таълим дастури бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилганлиги, олий таълим муассасаларига жами 146 минг 500 нафар ёки 2016 йилга нисбатан 2 баробар кўп талаба ўқишга қабул қилингани олий таълим тизимига берилаётган эътиборнинг ёрқин бир намунасидир.
Муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг 2020 йил 24 январь куни Олий Мажлисга Мурожаатномаси барча зиёлиларни ниҳоятда хурсанд этди. Юртбошимиз томонидан Ўзбекистонни ривожланган мамлакатга айлантириш учун фақат жадал ислоҳотлар, илм-маърифат ва инновация билан эриша олиш мумкинлиги, бунинг учун, аввало, ташаббускор ислоҳотчи бўлиб майдонга чиқадиган, стратегик фикр юритадиган, билимли ва малакали янги авлод кадрларни тарбиялаш зарурлиги, нафақат ёшлар, балки бутун жамият аъзоларининг билими, савиясини ошириш учун илм-маърифат, юксак маънавият кераклиги, илм йўқ жойда қолоқлик, жаҳолат ва албатта, тўғри йўлдан адашиш бўлиши таъкидланди.
Ушбу Мурожаатномада олий таълим тизимидаги мавжуд муаммоларни ечими билан боғлиқ энг муҳим вазифалар белгилаб берилди. Жумладан, Мурожаатда олий маълумот олишни, ўз устида ишлаб, илмли бўламан, дейдиган, юрагида ўти бор, жўшқин ёшларнинг таҳсил олиши учун ҳамма қулайликлар яратилиши учун мактаб битирувчиларини олий таълим билан қамраб олиш даражаси 2020 йилда камида 25 фоизга ва келгусида 50-60 фоизга етказилиши таъкидланди. Олий таълим қамровини ошириш тўлов контрактига боғлиқ бўлиб қолмаслиги зарурлиги билдирилди ва олий ўқув юртларига талабалар қабул қилиш давлат грантларини 2 баробар кўпайтириш вазифаси белгиланди.
Қизлар учун алоҳида грантлар ҳам ажратилиши кўзда тутилди. Хотин-қизлар қўмитасига ушбу грантлар асосида ўқитишга номзодларни танлаш ва саралаш мезонларини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
Олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларини оптималлаштириш, бунда асосий эътиборни ўқишга кириш жараёнларини соддалаштиришга, олий ўқув юртларида чинакам билим ва тарбия олишга қаратиш зарурлиги алоҳида қайд этилди.
Ушбу Мурожаатномада Юртбошимиз томонидан яна бир муҳим аҳамиятга эга бўлган фикр билдирилди. Олий таълим стандартлари хорижий тажриба асосида такомиллаштирилиши, таълим йўналишлари ва ўқитиладиган фанлар қайта кўриб чиқилиши, пировардида мутахассисликка алоқаси бўлмаган фанлар сонини 2 баробар қисқартириш зарурлиги, асосий эътибор мутахассислик фанларига қаратилиши маълум қилинди.
Маълумки, бугунги кун талабларидан келиб чиқиб, олий таълимда ўқув жараёнини кредит-модуль тизимига ўтказиш талаб этилмоқда. Жорий йилдан бошлаб эса педагогик таълимнинг 6 та йўналиши бўйича ўқиш муддатини 3 йил қилиб белгиланиши талабаларга қисқа муддатда олий маълумот олишлари, мустақил ҳаётда ўз ўринларига эга бўлиш имкониятини яратиб бериши шубҳасиз.
Мурожаатномада белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, мамлакатимиз тараққиётининг келгуси босқичларида олий ўқув юртларига босқичма-босқич академик ва молиявий мустақиллик берилади. Жорий йилда эса уларнинг 10 таси ўзини ўзи молиявий таъминлашга ўтади. Бундан ташқари, камида 5 та олий таълим муассасасини конкурс асосида танлаб олиниб, нуфузли хорижий олий таълим даргоҳлари билан ҳамкорликда уларни трансформация қилиш бошланади.
Бугунги кунда ҳар бир мамлакатни тараққиётини илм-фансиз тасаввур этиб бўлмайди. Юртбошимиз бу масалага ҳам алоҳида тўхталиб, жорий йилда математика, кимё-биология, геология каби йўналишларда фундаментал ва амалий тадқиқотлар фаоллаштирилиб, олимларга барча шарт-шароитлар яратиб берилишини, илм-фан соҳасида фундаментал ва инновацион тадқиқотлар учун мақсадли грант маблағларини ажратиш механизмини тубдан қайта кўриб чиқилишини айтиб ўтдилар.
Бизнингча, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси узлуксиз таълим тизимини ривожлантириш, мамлакатимизнинг изчил ривожланиб бораётган иқтисодиётини юқори малакали кадрлар билан таъминлаш, барча ҳудудлар ва тармоқларни стратегик жиҳатдан комплекс ривожлантириш масалаларини ҳал қилиш борасида олий таълим тизими иштирокини кенгайтириш йўлидаги яна бир муҳим амалий қадам бўлди.
Шу сабабли бундай юксак ишонч, эътибор ва ғамхўрлик учун Муҳтарам Президентимизга барча зиёлилар номидан миннатдорчилигимизни билдириб қоламиз. Ишонч билан айтишимиз мумкинки, биз зиёлилар ҳам Президентимизни юксак ишончларини оқлаб, биз учун шарафли бўлган масъулиятни тўлиқ ҳис қилган ҳолда келажаги буюк давлат қуришдек олий мақсад йўлида ўзимизни ҳар томонлама ҳиссамизни қўшамиз ва уларга қанот бўламиз.
Наримон Деҳқонов,
Наманган давлат университети
Ижтимоий-иқтисодий факультети декани, тарих фанлари номзоди, доцент