Юксак ишонч – шарафли масъулият демак
Бугунги кунда мамлакатимизда ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмонан соғлом этиб тарбиялаш, уларни олиб борилаётган ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айлантириш, маънавий-маърифий ишларни тубдан такомиллаштириш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жорий йилнинг 26 март куни Президентимиз томонидан қабул қилинган “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор ҳам айни шу эзгу мақсадлар ижросини таъминлашга қаратилгани билан муҳим аҳамиятга эга.
Хусусан, Президент қарорида маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари этиб таълим ташкилотларида маънавий тарбиянинг узвийлигини таъминлаш, тарғибот-ташвиқот ва тарбия йўналишидаги ишларни илмий асосда ташкил этиш, соҳа бўйича илмий ва услубий тадқиқотлар самарадорлигини юксалтириш, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини мустаҳкамлашга қаратилган доимий мониторинг тизимини жорий қилиш, эл-юрт тақдирига лоқайдлик, маҳаллийчилик, уруғ-аймоқчилик, коррупция, оилавий қадриятларга беписандлик ва ёшлар тарбиясига масъулиятсизлик каби иллатларга барҳам бериш каби чора-тадбирларни амалга ошириш масаларининг белгиланганлиги олий таълим муассасалари олдида ҳам долзарб вазифалар турганлигини англатади.
Республика Маънавият ва маърифат марказига олий таълим тизими ва бошқа тузилмалар кесимида маънавий-маърифий ва тарбиявий ишларнинг мониторингини олиб бориш, аниқланган муаммоларни ҳал этиш бўйича илмий асосланган тарбия технологиялари, таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш, маънавий тарбия ва ижтимоий-гуманитар фанлар бўйича фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни ташкил этиш, уларнинг натижалари амалиётга татбиқ қилинишини мувофиқлаштириш вазифаси юкланган. Бу борада ОТМларини илмий тадқиқот ишларини олиб боришда марказ билан самарали ҳамкорлик олиб бориш лозимлигини кўрсатмоқда.
Муҳим ҳужжатда “Маънавият тарғиботчиси” таълим муассасаси негизида Марказ ҳузурида Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институтини ташкил этиш белгиланган. Қайд этиш жоизки, Наманган Давлат университетида ҳам ижтимоий-гуманитар фанлар соҳасидаги тадқиқотларни мувофиқлаштириб борувчи Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар маркази ташкил этилган. Айни пайтда 21 нафар таянч докторантнинг тадқиқот ишлари мавзулари ижтимоий-маънавий тадқиқотлар сирасига киради.
Шунингдек, қарорда давлат олий таълим муассасалари ва уларнинг филиалларида, талабалар сонидан қатъи назар, ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор (директор ўринбосари) лавозимининг жорий этилгани ОТМларида бу борадаги ишлар самарадорлигини ошишига хизмат қилади.
Яна бир муҳим жиҳат шундаки, қарорда 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб олий таълим тизимининг тегишли таълим йўналишлари ўқув режаларига бакалавриат босқичида “Маънавиятшунослик”, магистратура босқичида “Касбий маънавият” фанлари киритилиши, магистратура таълим босқичида “PR-менежер” мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрланишини белгилангани маънавий-маърифий соҳада ҳам келгусида замонавий технологиялар асосида тарғибот олиб борувчи малакали кадрлар етишиб чиқишига имкон беради.
Таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбари тасдиқлаган ушбу муҳим ҳужжат юртимизда маънавий-маърифий ишларни тубдан такомиллаштириш, олий таълим муассасаларини бу жараёнда фаол иштирокини таъминлашда алоҳида ўрин тутади. Бу эса биз зиёлиларга юксак ишонч билан бирга шарафли масъулият ҳам юклайди.
Наримон Деҳқонов,
Наманган Давлат университети
ёшлар билан ишлаш бўйича проректори.
ЎзА