Юксак эътироф ва чексиз ифтихор рамзи
28 август – “Эл-юрт ҳурмати” ордени ва “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони таъсис этилган кун.
28 август – “Эл-юрт ҳурмати” ордени ва “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони таъсис этилган кун.
Юртимизда инсон қадри, унинг шаъни ва шавкатини эъзозлаш, меҳнатини муносиб рағбатлантириш, унга ўз истеъдод ва қобилиятини намоён этиш борасида барча имкониятлар яратилган. Зеро, инсон омили улуғланган, меҳнати қадрланган юртда тараққиёт ва ривожланиш, қут-барака бўлади. Ўзининг фидокорона меҳнати билан мамлакатимиз равнақига катта ҳисса қўшиб келаётган юртдошларимиз меҳнати давлатимиз томонидан муносиб рағбатлантирилмоқда.
“Эл-юрт ҳурмати” ордени ва “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони ана шундай эзгу ва улуғ ишлар – халқимизга муносиб турмуш шароити яратиш, ёш авлод истеъдодини рўёбга чиқариш, Ватанимизнинг нуфузини янада ошириш йўлида тинимсиз меҳнат қилиб келаётган юртдошларимиз самарали ва баракали меҳнатининг амалдаги эътирофи бўлиб хизмат қилаётир.
1998 йил 28 август куни таъсис этилган “Эл-юрт ҳурмати” орденининг марказида, доирада қизил йўл билан ҳошияланган Регистон мажмуи тасвирланган. Бу – қадимий, гўзал ва ҳамиша навқирон Ватанимиз жаҳон цивилизацияси бешикларидан бири бўлганини, ана шундай теран илдизларга эга халқ эканлигимизни ва айни пайтда бунга муносиб бўлишга ҳаракат қилишимиз лозимлигига ишора.Регистон тасвири ортида водийлар, тоғлар, мовий осмон узра қуёш тасвирланган. Бутун тасвир шаффоф эмаль билан қопланган бўлиб, айлананинг пастки қисмида осуда кунларда тўкис ҳаётни барпо этадиган илҳом завқи, қувончи, ҳурмат ва шуҳрат рамзи бўлган дафна новдаси ўрин олган.
“Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мамлакатимиз мустақиллигини, унинг иқтисодий қудратини мустаҳкамлашга, миллий маънавиятни, маданиятни юксалтиришга катта ҳисса қўшган, ўз меҳнати, илмий, жамоат иши, меҳнатсеварлиги ва ватанпарварлиги билан кўпчиликнинг иззат-ҳурматига сазовор бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари мукофотланади.
“Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони қитъа ва жаҳон чемпионатларида, Олимпия ўйинларида ҳамда бошқа халқаро спорт анжуманларида зафар қозонган, нуфузли турнирлардаги ютуқлари билан Ватанимиз шону шуҳратини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига берилади.Нишоннинг ҳошияланган текис юз томонида кумушранг югуриш йўлкалари билан ўралган стадион тасвирига туташ Олимпия ўйинлари рамзи – беш халқа, шунингдек, давлатимиз гербини тутиб турган икки қўл ифодаланган.
Ушбу юксак мукофот мамлакатимизни янада равнақ топтириш, буюк аждодларимизга муносиб баркамол авлодни тарбиялаш, мустақилликни мустаҳкамлаш йўлида фидокорона меҳнат қилишда юртдошларимизга кучли рағбат бўлиб хизмат қилмоқда. Ўтган йиллар давомида ўнлаб юртдошларимиз ушбу мукофот билан тақдирланди.
Дарҳақиқат, ўз меҳнати самарасини кўриш, улкан хизматлари эътироф этилиб, эл-юрт ҳурматига сазовор бўлиш, мамлакатнинг ифтихорига айланиш ҳар бир инсон учун катта бахт, энг олий саодатдир. Зеро, яшашдан мақсад ҳам айнан шу эмасми?!