Юксак эътибор ва ғамхўрликдан мунаввар диллар
Мамлакатимиз мустақиллигининг 28 йиллиги Андижон вилоятида яшаётган 60 нафар кам таъминланган хотин-қизлар учун қўшалоқ байрам, ҳаётидаги унутилмас кунга айланди.
Мамлакатимиз мустақиллигининг 28 йиллиги Андижон вилоятида яшаётган 60 нафар кам таъминланган хотин-қизлар учун қўшалоқ байрам, ҳаётидаги унутилмас кунга айланди. Улар янги уй соҳибига айланди.
Андижон шаҳридаги вилоят қўғирчоқ театрида жисмоний имконияти чекланган, оғир ижтимоий шароитда яшаётган уй-жойга муҳтож аёлларга янги уйларнинг калити тантанали равишда топширилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда фуқароларнинг оғирини енгил қилиш, уларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашига кўмаклашиш, айниқса, кам таъминланган оилалар вакилларини, ногирон, оғир ижтимоий шароитда яшаётган аёлларни ижтимоий муҳофаза қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.

– Вилоятда ногирон, оғир ижтимоий шароитда яшаётган уй-жойга муҳтож хотин-қизлар рўйхати шакллантирилиб, улар босқичма-босқич уй-жой билан таъминланмоқда, – дейди Андижон вилояти ҳокими ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзурахон Юнусова. – 2018 йилда 469 нафар ана шу тоифадаги аёллар уй-жой билан таъминланган бўлса, жорий йилда яна 300 нафарига уй берилиши белгиланган.
Мустақиллик байрами арафасида Андижон шаҳри, Асака, Марҳамат, Шаҳрихон, Булоқбоши ва Избоскан туманларида барпо этилган кўп қаватли уйлардаги 2-3 хонали квартиралар ҳамда 2 сотихли намунали уйлар эгаларига топширилди.
– Кўзим ожиз, I-гуруҳ ногирониман, – дейди Асака туманидаги Сайдобод маҳалласида яшовчи Ҳавохон Ташатова. – Турмушдан ажраганман, ўғлим Қурбонали билан отамнинг торгина ҳовлисида бир неча оила яшаб келар эдик. Уй-жой қилишнинг умуман имкони йўқ эди. Хотин-қизлар қўмитаси вакиллари шароитимизни ўрганиб, уй-жой берилиши учун рўйхатга киритганида очиғи, уй олишга ишонмаган эдим. Бугун дунёда мендан бахтли инсон йўқ. Чунки, менга Обод маҳалласида қурилган янги уйлардан бири берилди. Энди ўз уйим бор, кимнингдир олдида хижолат бўлмай, хотиржам яшай оламан. Ҳатто, яқинларим кўрсатмаган бундай яхшиликдан, давлатимизнинг эътибор ва ғамхўрлигидан яшашга бўлган умидим, давлатимизга, яхши инсонларга ишончим янада ортди. Қийналиб яшаётган мен каби аёллар ҳолидан хабар олиб, уларнинг мушкулини осон қилаётган инсонларга, мана шундай хайрли ишларнинг бошида турган Президентимизга раҳмат.

Вилоят хотин-қизлар қўмитаси маълумотларига кўра, аёлларга берилган 60 та уйдан 40 тасининг бошланғич тўлови хотин-қизлар қўмитаси томонидан амалга оширилган, 20 таси эса бепул, хайрия тарзида ажратилди.
– Ҳар бир инсоннинг ўз уйи бўлгани яхши, – дейди янги уй соҳибаси Марҳамат туманидаги Бозорбоши тумани, Юқори кўчасида яшовчи Хосиятхон Исаева. – Турмуш ўртоғимнинг биринчи аёли вафот этган. Уч нафар ёш болаларига она бўлиб турмушга чиққанман. Кейин яна уч нафар фарзанд кўрдик. Яшаш шароитимиз ўта оғир. Ўз уйимиз йўқлигидан эрим сувчи бўлиб ишлайдиган фермер хўжалигининг қоровулхонасида яшаб келар эдик. Президентимизнинг эътибори ва ғамхўрлиги туфайли бизга ҳам уй берилди. Бундан, айниқса, фарзандларимиз қувонди. Мен каби кўнгли ўксик аёлларга қувонч улашаётган Президентимизга, барча раҳбарларга миннатдорлик билдираман.
Уй соҳибасига айланган қайси бир аёл билан суҳбатлашмайлик, қувончдан, эътибор ва ғамхўрликдан мамнун эканини билдирди.
– Ёшим олтмишни қоралаб қолди, – дейди Андижон шаҳри Қўшариқ даҳасидаги оилавий ётоқхонада яшовчи Одинахон Холмирзаева. – Ўзим иккинчи гуруҳ ногирониман. Турмушидан ажрашган қизим, унинг уч нафар фарзанди билан бир хонали ётоқхонада яшар эдик. Мана оиламизга янги уй берилди. Бундай хайрли ишларнинг бошида турган инсонларга таъзим қиламан.
Уй соҳибаларига янги уйнинг сертификати, калити билан бирга, совға тариқасида маиший техника жиҳозлари топширилди.
Вилоятда жорий йил охирига қадар яна 240 нафар жисмоний имконияти чекланган, оғир ижтимоий шароитда яшаётган уй-жойга муҳтож аёллар уй-жой билан таъминланади.