Ёзёвонда электр таъминоти янада яхшиланади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 8 октябрдаги қарорининг ижроси доирасида Фарғона вилоятининг Ёзёвон тумани электр таъминоти инфратузилмасини модернизация қилиш ишлари амалга оширилмоқда.
Туманнинг марказий ва асосий ҳудудларини электр энергияси билан таъминловчи 35/10 кВ кучланишли «Ёзёвон» подстанциясига Хитойдан келтирилган 10 000 кВА қувватли замонавий куч трансформатори олиб келиниб, ўрнатилди.

Мазкур подстанция орқали 12 та 10 кВ электр узатиш тармоғи ва 264 та трансформатор пункти билан боғлиқ электр таъминоти тизимига хизмат кўрсатилади. Ҳудудда 11 684 та маиший истеъмолчи ва 890 та тадбиркорлик субъекти электр энергиясидан фойдаланмоқда.

Янги трансформаторни ўрнатиш подстанциянинг қувват имкониятларини кенгайтириш, электр таъминоти ишончлилигини ошириш ҳамда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг ўсиб бораётган эҳтиёжларини таъминлашга қаратилган.

Бу каби амалий ишлар Ёзёвон туманининг иқтисодий салоҳиятини юксалтириш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ривожлантириш ва аҳоли фаровонлигини ошириш учун мустаҳкам замин яратади.
Туроб Ниёзов, ЎзА