Ёзги таътил қувончли хотираларга бой бўлди
Бир неча кундан сўнг ўқувчиларнинг ёзги таътили якунланиб, таълим муассасаларида янги ўқув йили бошланади. Таътилни, албатта, ҳар бир бола ўз интилиш ва қизиқишлари, оилавий шароитидан келиб чиқиб ўтказди. Кимлардир оромгоҳларда дам олган бўлса, бошқалар ёзни оила даврасида ўтказди ёки саёҳатларга чиқди. Кўплаб ёшлар таътил даврида ҳам спорт, маданият ва санъат тўгаракларида қатнашди.
Самарқанд вилоятида ёзги таътил даврида 22 минг нафарга яқин бола оромгоҳларда дам олиш имкониятига эга бўлди.
– Самарқанд вилоятида жорий йилги соғломлаштириш мавсумига пухта тайёргарлик кўрилиб, стационар ва кундузги оромгоҳлар фаолияти самарали ташкил этилди, – дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси қошидаги Болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти Самарқанд вилоят бошқармаси бошлиғи Феруза Қиличева. – Мавсум давомида 14 та стационар оромгоҳда 8938 нафар, 57 та кундузги оромгоҳда эса 12908 нафар бола дам олди ва бу борада олдимизга қўйилган вазифалар бажарилди. Бу йил ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларини соғломлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Ижтимоий реестрга киритилган оилаларнинг яхши ўқийдиган фарзандларидан 3378 нафари департамент тасарруфидаги оромгоҳларда дам олдирилди.

Оромгоҳларда болаларнинг бўш вақтини самарали ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди. Намунали дастур асосида ҳар бир кун муайян мавзуга бағишланиб, маданий-маърифий тадбирлар, спорт мусобақалари, интеллектуал ўйинлар, танлов ва фестиваллар ўтказилди. Мавсум давомида 425 дан ортиқ маданий-маърифий тадбир ва учрашув, 355 та спорт тадбири, 148 та давра суҳбати, 48 та китобхонлик кечаси ҳамда 43 та фестиваль ташкил этилди.

Болаларнинг қизиқиш ва қобилиятларини ривожлантириш мақсадида чет тили, компьютер саводхонлиги, робототехника, рассомлик, рақс, кулолчилик, тикувчилик ва бошқа йўналишларда тўгараклар фаолияти йўлга қўйилди. Кўчма кутубхоналар ташкил этилиб, ҳар бир оромгоҳ 400–500 тагача бадиий адабиёт намуналари, газета ва журналлар билан таъминланди.

Мавсум давомида болаларнинг саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида оромгоҳларга 56 нафар шифокор ва 56 нафар ҳамшира бириктирилди. Жамоат тартиби, ёнғин хавфсизлиги ва фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш учун ички ишлар, фавқулодда вазиятлар ва қўриқлаш тизимларининг масъул ходимлари навбатчилиги ташкил этилди.

Айтиш мумкинки, болалар учун ёзги таътил шунчаки дам олиш эмас, балки янги дўстлар орттириш, ўз қобилиятларини намоён этиш, спорт ва ижод билан шуғулланиш, дунёқарашини бойитиш учун ҳам муҳим палла бўлди.
Ғ.Ҳасанов,
ЎзА мухбири