Ёзги таътил ким учундир - саёҳат, ким учундир - китоб билан ўтаётган фурсат
Ёзги таътилни ҳар ким ҳар хил ўтказади. Кимдир оиласи билан саёҳатга чиқади, кимдир қўшимча дарсларга қатнайди, яна кимдир эса узоқ вақтдан бери ўқимоқчи бўлган китобларини қўлига олади. Аслида китоб ўқиш учун алоҳида фасл ёки сана керак эмас. Лекин таътил инсонга шошилмасдан мутолаа қилиш имкониятини беради.
Бугун китоб дўконларида ҳам, кутубхоналарда ҳам танлов жуда кўп. Ўзбек адибларининг асарлари билан бир қаторда, жаҳон адабиётининг сара намуналари ҳам ўзбек тилига таржима қилинмоқда. Агар Абдулла Қодирий, Ойбек, Саид Аҳмад ёки Ўткир Ҳошимов асарларида ўзбекона қадриятлар, оила, меҳр ва инсоний муносабатлар акс этса, жаҳон адабиёти вакиллари ҳам инсон қалби, эзгулик ва ҳаёт ҳақида ўйлашга ундайди. Асарлар турлича бўлиши мумкин, аммо уларнинг мақсади битта — инсонни фикрлашга, яхшироқ яшашга чорлаш.
Китоб мутолааси ҳақида фарғоналик Нилуфар Болтабоева ҳам ўз фикрини билдирди:
— Ростини айтсам, олдинлари китоб ўқишга унча вақт ажратмасдим. Кейин тушундимки, инсон телефонда бир соат ўтирганини сезмай қолади, аммо шу вақтда китобнинг бир неча бобини ҳам ўқиб чиқиши мумкин экан.
Охирги ўқиган китобим менга ҳаётга бошқача нигоҳ билан қарашни ўргатди. Ҳар бир китоб инсонга нимадир беради. Баъзиси сабрни, баъзиси меҳрни, яна бири эса ўз хатоларингдан тўғри хулоса чиқаришни ўргатади.
Менга кўпроқ қоғоз китоб ёқади. Китобни қўлга олиб, варақлаб ўқишнинг завқи бошқача. Электрон китоб ҳам қулай, лекин қоғоз китоб билан мутолаа қилганда инсоннинг диққати камроқ чалғийди.
Китобни ҳаётининг бир қисмига айлантирганлардан яна бири Тошкент вилоятидаги 20-мактаб ўқитувчиси Малика Кенжаева. У фикрларини қуйидагича ифодалади:
— Таътилни мен фақат дам олиш деб билмайман. Бу давр ўз устида ишлаш, янги китоблар ўқиш ва келаси ўқув йилига тайёргарлик кўриш учун ҳам яхши имконият.
Ҳозир Абдулла Қодирийнинг асарларини яна бир бор мутолаа қиляпман. Ҳар сафар ўқиганимда аввал сезмаган фикрларимни топаман. Бу эса ҳақиқий адабиётнинг кучи, деб ўйлайман.

Менимча, ҳар бир инсон аввал ўзбек адабиётини яхши билиши керак. Чунки у ерда халқимизнинг тарихи, урф-одати, ҳаёт тарзи ва руҳияти мужассам. Кейин эса жаҳон адабиётига мурожаат қилса, турли миллатларнинг ҳаёти, фикрлаши ва маданиятини ҳам яхшироқ англайди.
Ўқувчиларимга ҳам китобни имтиҳон учун эмас, ҳаёт учун ўқинг, деган гапни кўп бора айтаман. Баъзан биргина яхши китоб инсонга йиллаб эсдан чиқмайдиган сабоқ беради. Телефонда кўрилган юзлаб қисқа видеолар унутилиши мумкин, аммо мазмунли китоб инсоннинг фикрида ҳам, қалбида ҳам узоқ сақланади.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА