Ёзги оромгоҳлар мавсумга шайми?
Мамлакатимизда ёз мавсумида болаларни дам олдириш ва соғломлаштиришга жиддий эътибор қаратилади. Ушбу масала Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси фаолиятида ҳам устувор аҳамият касб этмоқда.
Мазкур ташкилот матбуот хизмати томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, оромгоҳлар фаолиятини янада жонлантириш, уларни мавсумга тайёрлаш ва ёз мавсумида болаларнинг таълим-тарбиясини янада яхшилаш мақсадида болаларнинг дам олишларини тизимли ташкил этиш ва соғломлаштириш масалалари бўйича Республика комиссияси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва унинг ҳузуридаги Болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти томонидан бир қатор ишлар амалга оширилди.

Хусусан, 2025 йилда ёзги мавсумда 189 та стационар турдаги оромгоҳларда 158 минг 780 нафар бола соғломлаштирилади. Шу жумладан, бевосита Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги 81 та оромгоҳда эса 76 минг 655 нафар ўғил-қизнинг дам олиши режалаштирилган.
Ушбу оромгоҳларнинг йўлланмалари “Oromgohlar.uz” электрон платформаси орқали юридик ва жисмоний шахсларга онлайн сотилмоқда. Платформадан фойдаланиш ва йулланмаларни харид қилиш юзасидан 14 та ҳудудларнинг барчасида семинар-тренинглар ташкил этилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббусига асосан АҚШ, Хитой ва Россия каби давлатларнинг турдош оромгоҳлар ассоциациялари билан Ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. Натижада оромгоҳлар учун ишлаб чиқилган 12 кунлик дастур хорижий тажриба билан миллий қадриятларимизни ўзаро уйғунлаштирган ҳолда мазмунан бойитилди ва янгиланди. Дастурда болаларнинг оромгоҳларда ўтказадиган 12 кун давомидаги вақти “кунбай” ва “соатбай” қайд этилади.

Ушбу 12 кунлик дастур Вазирлар Маҳкамасининг 2025йил 7 апрелдаги 29-сон баёни билан тасдиқланди. Мазкур дастурда белгиланган тадбирларни ташкил этиш учун Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳузуридаги Болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш Департаменти билан биргаликда вазирлик ва идоралар ҳам масъул этиб белгиланди.
Дастурга мувофиқ, биринчи кун “Салом оромгоҳ” куни деб номланади. Бу куни танишув-мусиқий тадбирлар ўтказилади ва бунга Департамент масъул этиб белгиланган. Иккинчи кун – “Болалар фестивали” куни.
Унда янги Ўзбекистон ғоясини тарғиб этувчи расмлар, шеърлар ва қўшиқлар танлови, “Янги Ўзбекистонда – менинг оромгоҳим” номли видеороликлар намойиши, “Биз бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” шиори остида тадбирлар ўтказилади. Бу тадбирларга Маданият вазирлиги ҳамда Маънавият ва маърифат маркази масъул этиб белгиланган.
Учинчи кун – “Ҳарбий ватанпарварлик” куни. Бу кунда “Беш кураш” бўйича “Ҳарбийлаштирилган эстафета” спорт мусобақалари, ҳарбийлар ва ёшлар учрашувлари ва кўргазмалари ўтказилади. Бу тадбирларга Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, Мудофаа вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги масъул этиб белгиланган.

Тўртинчи кун – “Миллий қадриятлар” куни. Бу кунда “Миллий спорт ўйинлари”, “Миллий либослар” кўргазмали чиқишлари ва вилоятлар миллий рақслари дастури намойиш этилади. Бу тадбирларга Маданият ҳамда Спорт вазирликлари масъул.
Бешинчи кун – “Заковат” куни. Бу кунда “Эртаклар оламига саёҳат”, “Китобхонлик” танловлари, “Заковат” интеллектуал ўйини ва шахмат мусобақалари ўтказилади. Бу тадбирларни Ёшлар ишлари агентлиги, Заковат ННТ, Маънавият ва маърифат маркази, Ёзувчилар уюшмаси ташкил этади.
Олтинчи кун – “Ижод ва истеъдод” куни. Бу кунда “Талант шоу”, “Қизиқарли театр” спектакль намойиши ва “Машҳурларга тақлид” мусиқий бадиий чиқишлари ташкил этилади. Ушбу тадбирларга Маданият вазирлиги масъул этиб белгиланган.
Еттинчи кун – “Она табиатни асраш” куни. Бу кунда “Она табиат менинг нигоҳимда” 10 метрли расм чизиш танлови ва "Қайта ишлаш" кўргазмаси, “Она табиатни асрайлик” номли саҳна кўриниши ёки болалар ўзлари тайёрлаган видеороликлар намойишлари ўтказилади. Бу тадбирларга Экология вазирлиги масъул.
Саккизинчи кун – “Моҳир қўллар – касб-ҳунар” куни. Бу кунда касбга йўналтирилган “Оромгоҳ хазинаси” интерфаол ўйини, “Кубик-рубик” ва “Кема моделларини ясаш”, қум ва легодан “Ёш архитектор” танлови ва “Шарқ бозори” кўргазмалари ташкил этилади. Бу тадбирларга “Баркамол авлод” болалар мактаби ва Департамент масъул этиб белгиланган.
Тўққизинчи кун – “Спорт ва саломатлик” куни. Бу кунда болалар ўртасида спорт мусобақаларининг финал босқичлари, “Қувноқ стартлар” қизиқарли спорт эстафетаси, “Биз спортсевар болалармиз” шиори остида спорт рақслари ва спартакиаданинг ёпилиш маросими ўтказилади. Бу тадбирларга Спорт вазирлиги масъул этиб белгиланган.
Ўнинчи кун – “Миллатлар дўстлиги” куни. Бу кунда турли хил миллатларнинг “бекат”лар танлови, “Ўзбекистон - умумий уйимиз” фестивали ва гала концерт ўтказилади.
Ўн биринчи кун: “Туризм ва ўлкашунослик” куни. Бу кунда “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил” шиори остида саёҳат, Ўзбекистон ва жаҳон туризми ҳақида қизиқарли савол-жавоблар, “Қувноқлар ва зукколар” кўрик-танлови ва “Менинг оромгоҳим” видеороликлар танлови тақдимоти ўтказилади.
Ўн иккинчи кун – “Сарҳисоб” куни. Бу кунда “Оромгоҳдан эсдалик” фотосессия тадбири, оромгоҳда фаол бўлган болажонларни тақдирлаш маросими ва “Хайр, оромгоҳ” ёпилиш маросими ўтказилади. Бу тадбирларга Департамент масъул этиб белгиланган.
Ўн учинчи кун – “Хайр, оромгоҳ” куни. Бу кунда “Биз дўстларни унутмаймиз”, “Оқ йўл, болажон!” хайрлашув тадбири ўтказилади ва болалар манзилларига кузатилади. Бу тадбирларга Департамент ва Ички ишлар вазирлиги масъул.
Бевосита мавсумга тайёргарлик кўриш мақсадида жорий йилнинг январь-май ойлари давомида бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, Ўзбекистон касаба уюшмалари тизимидаги 74 та оромгоҳ жорий таъмирланди. 7 та янгидан қурилган оромгоҳ эса жорий йилги мавсумда фойдаланишга топширилади. Ушбу янги барпо этилган оромгоҳларда ҳар йили 8,5 минг нафар болани соғломлаштириш имконияти мавжуд.
Оромгоҳлардаги шароит ва хизматларни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш учун 1июнга қадар Ўзбекистон касаба уюшмалари тизимидаги 81 та оромгоҳ дастурдаги тадбирларни амалга ошириш учун керак бўладиган инвентарлар ва жиҳозлар, яъни “қум майдончалари”, "Лего" конструктор, "Караоке" ускунаси, чолғу асбоблари, фотоаппарат ва бошқалар жиҳозлар билан таъминланди.
Май ойида етакчи ва тарбиячилар учун семинарлар ташкил этилиб, оромгоҳ масъулларига болалар билан ишлаш малакаси, 12 кунлик дастурнинг мазмун-моҳияти тушунтирилди.
Болалар билан ишлаш бўйича “Оромгоҳ етакчиси”, “Оромгоҳ тарбиячиси”,“Оромгоҳ фаолиятини ташкил этиш”, “Оромгоҳда тўгарак ва клублар фаолиятини ташкил этиш”, “Оромгоҳ тарбиячиси ва етакчисига педагогик-психологик маслаҳат” деб номланган 5 та илмий-амалий методик қўлланмалар ишлаб чиқилди.
Болалар ўз таассуротлари ва хотираларини қайд қилиб боришлари учун эса “Оромгоҳ кундалиги” яратилди. Ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлаш мақсадида “Оромгоҳ қўшиғи” яратилди. Оромгоҳларда болаларнинг таълим-тарбияси масаласига илмий ёндашиш амалиёти жорий этилмоқда. Барча қўлланмалар мавсум бошланишига қадар оромгоҳларга етказилади.
Апрель-май ойларида республика миқёсида фаолият кўрсатувчи 189 та оромгоҳнинг ҳар бирида мавсумга тайёргарлик ишлари икки маротабабирма-бир ўрганилди. Бу жараёнда оромгоҳларнинг бино-иншоотлари ҳолатидан тортиб, унга олиб борувчи йўллар, газ, свет, сув таъминоти – барча-барчаси текширилди ҳамда аниқланган камчиликлар бартараф этилди.
Федерациянинг ҳудудий кенгашлари билан биргаликда жорий йилда фаолият юритадиган стационар оромгоҳлар дислокацияси шакллантирилди ва тасдиқланди.
Жорий йилда ёзги дам олиш мавсумини юқори савияда ташкил этиш ва мувофиқлаштириб бориш мақсадида Республика ҳамда ҳудудий штаблар тузилди. Республика штаби томонидан вазирлик ва идоралар раҳбарларидан таркиб топган Ишчи гуруҳлар билан биргаликда тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 1-ишчи гуруҳ - оромгоҳларда таълим-тарбиявий ишларни ташкил этиш, уларни малакали педагог ва етакчилар билан таъминлаш гуруҳи. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан ҳамкорликда оромгоҳларга жалб этиладиган 189 нафар катта тарбиячи, 2 881 нафар етакчи ва тарбиячилар, 370 нафар тўгарак раҳбарларининг рўйхатлари шакллантирилди ҳамда улар учун жойларда 36 соатлик ўқув-семинарлар ўтказилди.
Спорт вазирлиги томонидан 371 нафар спорт йўриқчиларининг рўйхати шакллантирилиб, оромгоҳларга бириктирилди. Ёшлар ишлари агентлиги билан биргаликда оромгоҳларда болалар ўртасида совринли шахмат мусобақаларини ўтказиш бўйича келишиб олинди.
2-ишчи гуруҳ - оромгоҳларда малакали тиббий хизмат кўрсатиш, санитария-гигиена талабларига риоя этилишини назорат қилиш гуруҳи. Соғлиқни сақлаш вазирлигига мавсум давомида фаолият кўрсатадиган оромгоҳлар рўйхати тақдим қилинди.
Вазирлик томонидан дори воситалари билан ишлаш бўйича 189 нафар махсус тиббий тайёргарликдан ўтган, малакали болалар шифокорлари – педиатрлар рўйхатлари шакллантирилди ҳамда уларнинг оромгоҳларда фаолият олиб боришлари белгиланди. Ушбу ходимлар учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан махсус ўқув-семинарлар ўтказилди. Оромгоҳларда бўлиши лозим бўлган бирламчи дори воситалари, жумладан, илон ва қорақурт заҳрига қарши зардоблар барча оромгоҳларга етказилди. Болаларга бериладиган овқатлар Департамент ва СЭС ходимлари томонидан назорат қилиб борилади.
Барча оромгоҳларда мавсум бошланишига қадар тўлиқ дезинфекция қилиш ишлари олиб борилди. Шунингдек, “Тез ёрдам” машиналарининг доимий навбатчилиги ташкил қилиниши Республика штаби томонидан назоратга олинди.
Оромгоҳлар раҳбарларига озиқ-овқат маҳсулотлари сифати ва сақланиши, санитария нормалари, қоидалари, гигиена нормативлари ҳамда хавфсизлик талабларига амал қилинишини таъминлаш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.
3-ишчи гуруҳ - оромгоҳларда маънавий-маърифий тадбирлар ва спорт мусобақаларини ўтказиш гуруҳи. Маданият вазирлиги билан биргаликда “Ўзбек миллий маданият кунлари” тадбирини ўтказиш режалаштирилди. Бунда болаларнинг либослари миллий руҳда танланишига алоҳида эътибор қаратилади.
Алоҳида режа асосида ҳудудлардаги маданият муассасалари ва болалар театрларининг кўчма спектакллари намойиши ташкил этилади. Маданият вазирлиги томонидан тайёрланган болаларбоп қўшиқларнинг жамланма альбомларининг1 июнга қадар барча оромгоҳларга етказилиши Департамент томонидан таъминланди.
Кинематография агентлиги томонидан тақдим этилган 2 та бадиий фильм, 10 та мультфильм ҳамда 6 та “Зумраша” киножурнали оромгоҳларда намойиш этиш учун етказилди.
4-ишчи гуруҳ - оромгоҳларда жамоат тартибини сақлаш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, ёнғин ва фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш гуруҳи. Ички ишлар вазирлиги томонидан болаларнинг йўлда ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 682 нафар йўл-патруль хизмати ходимлари ва 267 та автомашина ажратилиши бўйича келишиб олинди.
Болаларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Фавқулодда вазиятлар ва Ички ишлар вазирликлари билан биргаликда чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди ҳамда оромгоҳларда навбатчилик ўтадиган
596 нафар ходимлар рўйхати шакллантирилди. Улар томонидан куну-тун болалар хавфсизлиги таъминланмоқда.
Фавқулодда вазиятлар ҳамда Ички ишлар вазирликларидан оромгоҳларга бириктирилган ходимлар учун ишлаб чиқилган хизмат вазифалари Департамент билан келишилди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан ҳар бир оромгоҳ ёнғин хавфсизлигининг олдини олиш бўйича текширувдан ўтказилди. Барча оромгоҳларда санитария-эпидемиология, ёнғин хавфсизлиги ва бошқа йўналишларда хулосалар олинди.
Транспорт вазирлиги томонидан болаларнинг оромгоҳларга бориб келиши учун 920 та автобуслар жалб этилмоқда. Барча вазирлик ва ташкилотлар ходимлари ўз вазифаларини Департамент томонидан тақдим қилинган оромгоҳларда сменаларнинг бошланиши ва тугаши тўғрисидаги режа-жадвалига мувофиқ амалга оширади.
Буларнинг барчаси болажонларнинг кўнгилдагидек дам олиши ва уларни соғломташтириш борасидаги ибратли ишларнинг намунасидир.
Н.Усмонова,
ЎзА мухбири