“Ёшлик баҳори” ёш опера ижрочилар фестивали ўтказилди
Тошкент шаҳрида “Ёшлик баҳори” иқтидорли ижодкор ёшлар форуми илк маротаба ташкил этилди.
Форум доирасида Ўзбекистон давлат филармонияси билан ҳамкорликда “Ёшлик баҳори” ёш опера ижрочилари фестивали ҳам ўтказилди.
Опера йўналишида янги истеъдодларни кашф этиш мақсадида ўтказилган ушбу фестивалда Ўзбекистон халқ артистлари Рамиз Усмонов, Самандар Алимов ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Маъсума Болтабоева Ҳакамлар ҳайъати сифатида иштирокчиларни баҳолаб борди.

"Ёшлик баҳори" ёш опера ижрочилари фестивали якунларига кўра, “Энг яхши ёш ижрочи” номинациясида Ойноз Тўхтаева, “Энг яхши эркак овози” номинациясида Суҳроб Жумаев, “Энг яхши аёл овози” номинациясида Бекзода Суюнова, “Энг яхши жаҳон опера ижрочиси” номинациясида Бахит Кидирбаев, “Энг яхши ўзбек опера ижрочиси” номинациясида Рустам Илёсов ғолиб бўлди.

“Туркистон” санъат саройида бўлиб ўтган ёшлар форумининг тантанали ёпилиш маросимида ушбу фестиваль ғолиблари ҳам тантанали тақдирланди.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан ўтказилган мазкур форумда юртимиздаги маданият ва санъат соҳасида таълим олаётган ҳамда фаолият олиб бораётган 14 ёшдан 35 ёшгача бўлган 600 нафардан ортиқ иқтидорли ижодкор ёшлар иштирок этди.
Н.Усмонова,
ЎзА