Ёшларнинг илк китоби ўқувчиларга ҳавола этилди
Нурафшон шаҳрида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Тошкент вилояти бўлими томонидан бир гуруҳ ёш ижодкорларнинг биринчи китоби тақдимоти ўтказилди.
Хусусан, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Тошкент вилояти бўлими раиси, Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир ташаббуси билан ёш қаламкашлар Гулҳаё Уралованинг “Руҳафзо”, Ойбек Акбаровнинг “Гулдахан”, Шоира Тўлаганованинг “Йўл бошида”, Бону Саримованинг “Бахт бўлсам керак” номли шеърий тўплами ва Отабек Бакировнинг “Умид” номли публицистик мақолалар тўплами тақдимоти бўлиб ўтди.
Ихчам китоблар “Адабиёт” нашриётида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Тошкент вилояти бўлими томонидан ҳар бири 1000 нусха чоп этилди. Уюшма томонидан фаол ижод қилаётган ва изланишлари билан устозлар эътиборига тушган ёш ижодкорлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Айниқса, йил давомида ўтказилаётган турли адабий-публицистик семинарларда уларнинг билим ва тажрибасини оширишга алоҳида эътибор қаратилган.
Тадбирда қатнашган профессор Қозоқбой Йўлдошев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Раҳматилла Шералиев, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари Ботиржон Эргашев ҳам бу борада ўз фикрларини айтди.
– Келгусида устозлар умидини оқлашга ҳаракат қиламан, – дейди “Умид” номли публицистик мақолалар тўплами муаллифи Отабек Бакиров. –Жамиятимиздаги турли муаммоли мавзуларни кўтаришга ҳаракат қилдим. Уюшмага 100 га яқин материаллар юборгандим. Шулардан энг яхшиларини саралаб китоб ҳолига келтиришди. Бундан жуда хурсандман. “Китоблар кўп, нашриёт, босмахоналар ҳам кам эмас. Ижодкор ўз битикларини тўплаб, китоб шаклида ўқувчилар ҳукмига ҳавола этиши мумкин. Айнан шу ҳолат ўқувчилардаги танлаш имкониятини ниҳоятда ошириб юборди. Яхши китоб эса доимгидек ҳар куни чоп этилавермайди”, – дейилади беш китобнинг кириш қисмида.
Тадбирга йиғилганлар ёш ижодкорларнинг келгуси фаолиятига омад тилади.
А.Мусаев,
ЎзА