Ёшларнинг экологик билимлари синовдан ўтказилди
Нукусда “Сиз экологияга оид қонунларни биласизми?” республика кўрик-танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи бўлиб ўтди.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Бош прокуратура, Олий таълим, фан ва инновациялар ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирликлари томонидан ташкил этилган мазкур танловда умумтаълим мактабларининг юқори синф ҳамда касбий таълим муассасалари ўқувчилари иштирок этди.
Танловдан кўзланган мақсад, жамиятда ёшларнинг экологияга оид ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлаш, шунингдек, ёшларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва бошқа қонун ҳужжатларига ҳурмат руҳида тарбиялашдан иборат.
[gallery-21826]
Иштирокчи жамоалар ўз ҳудудларининг экологик ҳолати, уларни яхшилашга доир амалга оширилаётган ишлар, экологик, ижтимоий, сиёсий-ҳуқуқий йўналишлардаги савол-жавоб, экология учун барчамиз масъулмиз, энг яхши экологик лойиҳа шартлари бўйича ўзларининг билимларини намойиш этди.
Икки кун давом этган танлов якунида умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида Нукус шаҳридаги 34-сонли умумий ўрта таълим мактаби жамоаси биринчи, Тахтакўпир туманидаги 3-сонли айрим фанлар чуқурлаштириб ўқитиладиган синфи бор умумий ўрта таълим мактаби жамоаси иккинчи, Шуманай туманидаги 15-сонли умумий ўрта таълим мактаби учинчи ўринни эгаллаган бўлса, касбий таълим муассасалари ўртасида Нукус давлат педагогика институти қошидаги академик лицей жамоаси биринчи, Қонликўл тумани касб-ҳунар мактаби жамоаси иккинчи ҳамда Тахтакўпир тумани касб-ҳунар мактаби жамоаси учинчи ўринларни қўлга киритди.
Ғолиб ва иштирокчи жамоалар ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди. Биринчи ўринларни эгаллаган жамоалар танловнинг республика босқичида қатнашиш йўлланмасини қўлга киритди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА