Ёшларнинг Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишдаги ташаббуслари қўллаб-қувватланади
Самарқандда Парламентлараро иттифоқ (ПИ) Ёш парламент аъзоларининг XII глобал конференцияси доирасида “Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ)га эришишда парламентларнинг иштироки” мавзусида махсус очиқ сессия бўлиб ўтди.
Сессияда турли мамлакатлар парламентларининг ёш аъзолари, халқаро ташкилотлар ҳамда соҳа экспертлари БРМни миллий даражада амалга оширишда қонун чиқарувчи ҳокимиятнинг ўрни ва имкониятларини муҳокама қилди.
Олий Мажлис Сенати Раиси, БРМ соҳасидаги Миллий мақсад ва вазифаларнинг 2030 йилгача бўлган даврда амалга оширилишини назорат қилиш бўйича Парламент комиссияси ҳамраиси Танзила Норбоева Ўзбекистонда БРМни амалга ошириш борасида ижтимоий, иқтисодий, экологик ва институционал йўналишларда салмоқли натижаларга эришилганини таъкидлади. Хусусан, 2021 - 2025 йилларда камбағаллик даражаси 17 фоиздан 5,8 фоизгача, ишсизлик даражаси эса 2020 - 2025 йилларда 10,5 фоиздан 5,1 фоизгача тушди. Ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражаси 18,7 фоиздан 47,7 фоизга етди.

Мазкур натижалар БРМни амалга оширишда давлат сиёсатининг барча йўналишларини қамраб олган тизимли ёндашув шаклланаётганини кўрсатади. Парламентлар қонунчилик базасини такомиллаштириш, давлат дастурлари ижроси устидан парламент назоратини амалга ошириш, бюджет устуворликларини белгилаш ҳамда фуқаролар, айниқса, ёшларнинг қарорлар қабул қилиш жараёнига кенгроқ жалб этишда муҳим ўрин тутади.
Сессияда Ўзбекистон ташаббуси билан қабул қилинган БМТ Бош Ассамблеясининг “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштиришда парламентлар ролини кучайтириш тўғрисида”ги ҳамда “Ижтимоий ривожланишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида” резолюцияларининг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди.

Хусусан, ёш парламент аъзоларининг БРМни илгари суришдаги роли, парламентларнинг ёшлар билан ишлаш механизмлари, ёшларнинг сиёсий ва ижтимоий жараёнлардаги иштирокини кенгайтириш, шунингдек, БРМга эришишни жадаллаштириш бўйича парламентлараро ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди.
Тадбир якунида ёш парламент аъзоларининг БРМни амалга оширишдаги ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, илғор тажрибалар алмашиш ва самарали парламент механизмларини қўллаш бўйича таклифлар билдирилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА