Ёшларга йўл очувчи муҳим қадам
Бухорода давлат олий таълим муассасалари ҳамкорлигида ташкил этилган “Очиқ эшиклар куни” ва “Карьера куни – 2026” тадбирларида вилоятда фаолият юритаётган олий таълим муассасалари, абитуриентлар, битирувчи синф ўқувчилари, талабалар, олийгоҳ битирувчилари, иш изловчи ёшлар ҳамда турли ташкилот ва муассасалардан иш берувчилар иштирок этди.
Тадбирда Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов сўзга чиқиб, ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни ўз мутахассислиги бўйича иш билан таъминлаш ва меҳнат бозори талабларига мос кадрлар тайёрлаш бугунги куннинг энг устувор вазифаларидан бири эканини алоҳида таъкидлади. Шу билан бирга, битирувчиларни иш билан таъминлаш масаласида мутасадди ташкилотларга аниқ ва амалий топшириқлар берди.
Тадбир доирасида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги тиббиёт муассасалари томонидан тиббиёт йўналишида таҳсил олаётган битирувчи талабалар билан келгусида иш фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида дастлабки келишувлар ва меҳнат шартномалари имзоланди.
[gallery-28791]
Иштирокчилар таълим йўналишлари, замонавий мутахассисликлар, айниқса, тиббиёт соҳасидаги янги йўналишлар билан яқиндан танишиш имконига ҳам эга бўлди. 2026/2027 ўқув йили қабули, қабул квоталари, таълим шакллари ҳақида батафсил маълумотлар тақдим этилди. Олий таълим муассасаларида яратилган замонавий шарт-шароитлар, клиник базалар ва инфратузилма намойиш этилди.
Тадбир давомида профессор-ўқитувчилар, малакали мутахассислар ва иш берувчилар иштирокида очиқ мулоқотлар ташкил этилди. Айниқса, талабалар ва битирувчилар учун бу муҳим имконият бўлиб, улар ўзлари учун муносиб иш ўринларини танлаш, иш берувчилар билан бевосита суҳбатлашиш ва келгусидаги меҳнат фаолиятини белгилаб олиш имконига эга бўлдилар. Қўшни вилоятлардан келиб таҳсил олаётган талабалар ҳам мазкур жараёнда фаол иштирок этди.
Бухоро вилоятида ўтказилган “Очиқ эшиклар куни” ва “Карьера куни – 2026” тадбирлари ёшларни касбга йўналтириш, уларнинг билим ва кўникмаларини бойитиш, битирувчилар бандлигини таъминлаш ҳамда таълим муассасалари ва иш берувчилар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.