Ёшларга ҳамроҳлик: имкониятлар мустақил ҳаёт сари йўл очмоқда
Қашқадарёлик Мафтуна Жовлиева учун бугунги кунгача босиб ўтилган йўл мустақил ҳаёт сари интилиш ва берилган имкониятлардан унумли фойдаланиш намунасидир.
Мафтунага мустақил ҳаётга қадам қўйиши ва келажагини қуриши учун давлат томонидан қатор имкониятлар яратилди. Жумладан, унга уй-жой ажратилди, олий таълим муассасасига давлат гранти асосида ўқишга киришига кўмаклашилди. Айни пайтда эса ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун ўқишга йўналтирилди.
– Оилавий болалар уйида тарбияланган бўлсам-да, ота-она меҳрини доим ҳис этиб турдим. Битта уй олиш учун одамлар йиллаб ҳаракат қилса, 19 ёшимда ўз уйимга эга бўлдим. Давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиндим. Бугун ёшлар учун яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланишимиз керак. Ўзимни Ўзбекистондаги энг бахтли ёшлардан бири деб биламан, – дейди Мафтуна Жовлиева.

Бу каби имкониятлар “Ёшларга ҳамроҳлик” дастури доирасида етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг таълим олиши, касб эгаллаши ва мустақил ҳаётга тайёрланишига кўмаклашиш мақсадида амалга оширилмоқда.
Жорий йилнинг биринчи ярмида вилоятда 14-23 ёшли 621 нафар етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ёш бўйича “Индивидуал интеграция режаси” асосида 1 минг 325 та хизмат режаси шакллантирилди. Ҳозирга қадар уларнинг 975 таси турли хизматлар билан қамраб олинди.

Хусусан, 68 нафар ёш ҳайдовчиликка ўқишга йўналтирилди, 179 нафари кийим-бош билан таъминланди, 16 нафарининг олий таълим муассасасидаги шартномаси тўлаб берилди. Яна 37 нафари олий таълимга тайёрлов курсларига жалб этилди, 30 нафари учун сафарбарлик чақируви резерви тўловлари амалга оширилди.
Эътибор ва амалий кўмакка асосланган бундай ёндашув ёшларни нафақат қўллаб-қувватлаш, балки уларнинг ўз кучига ишонган ҳолда мустақил ҳаёт қуриши учун мустаҳкам замин яратмоқда.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири