Ёшлар – Янги Ўзбекистон ислоҳотларининг таянчи
Навоий шаҳрида “Янги Ўзбекистонни ёшлар қуради” шиори остида ўтказилган ёшлар фестивали доирасида гала-концерт бўлиб ўтди.
Тадбирда Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов иштирок этиб, мамлакатимиз тараққиётида ёшларнинг ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бораётганини алоҳида таъкидлади. Бугунги кунда юртимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг билим олиши, касб эгаллаши, тадбиркорлик билан шуғулланиши ҳамда жамият ҳаётида фаол иштирок этиши учун кенг имкониятлар яратиб берилмоқда. Таълим тизимини такомиллаштириш, ёшлар бандлигини таъминлаш, иқтидорли ўғил-қизларни рағбатлантириш ва уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Фестиваль доирасида турли танлов ва лойиҳаларда юқори натижаларга эришган ёшлар муносиб тақдирланди. Гала-концерт давомида миллий ва замонавий рақслар, куй-қўшиқлар ижро этилди.
[gallery-29934]
Албатта, “Янги Ўзбекистонни ёшлар қуради” фестивали ёшларнинг билим, иқтидор ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларни Ватан тақдирига дахлдорлик руҳида тарбиялаш ҳамда ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айлантиришга хизмат қилмоқда. Зеро, Янги Ўзбекистоннинг бугунги ва эртанги тараққиёти билимли, фидойи ва ташаббускор ёшлар билан чамбарчас боғлиқдир.
А. Бўриев, С. Аслонов (сурат), ЎзА