Ёшлар учун конференция
Тошкент шаҳридаги халқаро Вестминстер университетида БМТнинг Наркотик ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги билан ҳамкорликда Марказий Осиёдаги энг глобал ёшлар лойиҳаларидан бири ҳисобланган Тошкент халқаро БМТ модели конференциясини ўтказди.
Унда 200 дан ортиқ иқтидорли ёшлар ҳамда талабаларнинг глобал муаммолари ечимига қизиққан инсонлар иштирок этди.
Конференцияда талабалар “COVID-19 пандемияси вақтида очлик, соғлиқни сақлаш ва озиқ-овқат хавфсизлиги танқислиги билан боғлиқ замонавий муаммоларни ҳал қилишга қаратилган иқтисодий тикланиш», «COVID-19 нинг қочқинлар ҳаётига таъсири», «Можароли ҳудудларда болаларнинг мактаб таълими», «Ривожланаётган мамлакатларда барқарор энергия манбаларини кенгайтириш», «17 барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда жиноятнинг олдини олиш, жиноятда одил судлов ва қонун устуворлиги», «COVID-19 нинг дунё тинчлиги ва хавфсизлигига таъсири», «COVID-19 ва вакциналар тарқалиши» каби мавзуларни муҳокама қилишди.
Учрашув Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва талабалар ўртасида ёшларнинг бир қатор мураккаб масалалар бўйича очиқ мулоқот ўтказиш ва глобал муаммоларга ўз ечимини таклиф этиш имконини берди.
Гулноза Бобоева, ЎзА