Ёшлар ташаббускор етакчиларга эргашади
Маълумки, давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 19 январдаги “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида маҳаллаларда ёшлар етакчиси лавозими жорий этилди.
Бу орқали юртимиздаги қарийб 10 мингга яқин маҳаллада минглаб ёшлар иш билан таъминланди. Ҳозирда республикамиз бўйлаб 9 минг 444 нафар етакчи фаолият юритади. Шундан, 839 нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Уларга маҳалладаги хонадонлар сонига қараб, 4 млн. сўмдан 5 млн. сўмгача маош тўланади.
Ҳар чоракда энг илғор 100 нафар етакчи эса бир ойлик маошга тенг пул мукофоти ҳамда фаолиятини самарали ташкил этаётган, ўзининг шахсий фазилатлари билан ёшларга намуна бўлаётган ва уларга етакчилик қилаётган етакчилар “Янги Ўзбекистон ислоҳотчиси” кўкрак нишони билан тақдирланади.
Ёшлар етакчиси, жумладан, “Ёшлар баланси”ни шакллантириб, ёшлар тўғрисидаги зарур маълумотларни “Ёшлар дафтари” ва “Ёшлар портали” электрон платформаларига киритиб боради.
Бугунги кунда Наманган вилоятининг Чуст туманидаги 72 та маҳаллада ёшлар етакчилари фаолият кўрсатмоқда. Ўтган йилда ўтказилган хатлов ва ўрганишлар натижасида ижтимоий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи бўлган 3 минг 527 нафар ёш “Ёшлар дафтари”га киритилган.
– Улар билан тизимли, манзилли ишлар йўлга қўйилди, – деди Чуст тумани Тинчлик маҳалласи ёшлар етакчиси Отабек Қобилов. – Уларга кўмак кўрсатиш учун “Ёшлар дафтари” жамғармасидан 3,2 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Йил давомида 3 минг 327 нафар йигит-қизнинг мурожаатлари ижобий ҳал этилди. Жумладан, 1 минг 185 нафари ишга жойлаштирилди. 652 нафарининг шартнома пули тўланди. 29 нафарининг ҳайдовчилик ўқув курси харажатлари қопланди. Қолганларига бошқа турдаги ёрдамлар кўрсатилди.
“Ёшлар дафтари” ҳаётга татбиқ этилиши орқали эҳтиёжманд, кам таъминланган оилалар, ижтимоий кўмакка муҳтож хотин-қизлар ва ёшлар турмуш тарзи ўзгармоқда. Маҳаллаларда ёшларнинг муаммо ва мурожаатлари ўз ечимини топиб, ижобий ҳал этилаётгани замирида маҳаллалардаги ёшлар етакчилари фаолиятининг амалий натижасини кўришимиз мумкин.
– Маҳалламизда 1000 дан зиёд ёш бўлса, ҳар бири ўз характерига эга, – деди Сергели туманидаги “Ташаббус” маҳалласи ёшлар етакчиси Шоҳсанам Юсупова. – Улар билан “тил топишиш” учун эса уларнинг “тили”да суҳбатлашишим, дўст бўлишим зарур. Сабаби, ёшларда турли муаммо, мурожаат ва вазиятлар бўлади. Лекин аввало, оилангдагилар қўллаб-қувватласа, одамда ўз ишига меҳр ва масъулият бўлса, ҳар бир қийинчиликни енгиб ўтиш мумкин.
Ёшларга бирор ёрдамим текканда уларнинг хурсандлигини кўриб, ўзимда фахр туяман. Президентимиз биз билан учрашувда етакчиларга ишонч билдириб, 30 дан ортиқ ёрдам турларини кўрсатиш ваколати берилгани, “маҳалладаги ёшлар етакчиси менинг тўғридан тўғри вакилим ҳисобланади", деганларида бу касбни танлаб адашмаганимни ҳис қилганман.
Ўшанда маҳаллам билан давлат ўртасида бир кўприк бўлиш, ёшларга оид давлат сиёсатининг устувор йўналиши биз, ёшларни қўллаб-қувватлаш, ёрдам беришдан иборатлигига ёшларни ишонтириш бош мақсадим бўлган. Ўзим талабалик пайтларим бизга бундай имкониятлар бўлмаган. Бу фаолиятга киришар эканман, катта масъулиятни зиммамга олаётган эдим. Чунки бизга “давлат раҳбарининг маҳаллалардаги ишончли вакили”, деган мақом берилган эди.
Шунингдек, мамлакатимизда етакчилар онги ва қалбида “Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш – олий бурчимиз!" ғоясини мустаҳкамлаш, уларда ватанпарварлик ҳамда юрт тақдирига дахлдорлик туйғусини кучайтириш, улар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш мақсадида турли хил тадбирлар ташкил этиб келинмоқда.
Хусусан, яқинда “Йилнинг энг намунали маҳалла етакчиси” танловининг саралаш босқичлари 9 444 нафар ёшлар етакчилари орасида ташкил этилди. Республика босқичига танловнинг ҳудудий босқичида ғолиб бўлган 140 нафар етакчи етиб келди.
Танловнинг республика босқичи Тошкент шаҳридаги Ёшлар марказида 10 та йўналиш бўйича бўлиб ўтди.
Ҳакамлар ҳайъати сифатида бир қатор вазирлик ва идоралардан масъул ходимлар жалб этилди. Ғолибларни аниқлашда ёшлар етакчиларининг фаолияти давомида амалга оширган ишлари ва ўз устида ишлаб, шахсий ривожланишида кўрсатган натижаси, жумладан, давлат мукофоти, кўкрак нишонлари, мақолалари, спорт ютуқлари, танлов ва мусобақалардаги иштироки, тил билиш сертификати каби ютуқлари баҳоланди.
Танлов якунида белгиланган 10 та йўналиш бўйича ғолиблар аниқланди ва ҳар бир йўналишда ғолибликни қўлга киритган иштирокчилар пул мукофотлари билан рағбатлантирилди.
Республика босқичининг қолган барча 110 нафар иштирокчилари эса фахрий ёрлиқ ва Ёшлар ишлари агентлигининг эсдалик совғалари билан тақдирланди. Шунингдек, танлов ғолиблари юқори лавозимларга тайинлаш учун кадрлар захирасига киритилади, ривожланган хорижий давлатларнинг соҳага оид таълим ташкилотларига малака оширишга юборилади, давлат мукофотларига тавсия қилинади.
Гулноза Бобоева, ЎзА