Ёшлар ташаббуси қўллаб-қувватланди
Ёшлар куни муносабати билан ўтказилган тадбирлар орасида Сирдарё вилояти солиқ бошқармасида ташкил этилган очиқ мулоқот ўзининг амалий натижалари билан алоҳида ажралиб турди. Зеро, учрашувда билдирилган фикр ва таклифлар фақат муҳокама қилиниб қолмади, балки қисқа вақт ичида ҳаётга татбиқ этилди.
Сирдарё вилояти солиқ бошқармаси бошлиғи Суҳроб Тавбоев соҳада фаолият бошлаган ёш ходимлар билан очиқ мулоқот ўтказди. Самимий ва эркин руҳда кечган учрашувда ёш мутахассислар хизмат фаолияти давомида учраётган муаммолар, меҳнат шароитини янада яхшилаш, рақамли технологиялардан самарали фойдаланиш ҳамда тизимни такомиллаштиришга доир таклиф ва мулоҳазаларини эркин баён этдилар.

— Учрашувнинг эътиборли жиҳати шундаки, ҳар бир таклиф ва фикр раҳбарият томонидан синчиклаб тингланиб, уларни амалга ошириш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб олинди. Бу эса ёшларнинг ташаббуси ва фаол позициясига бўлган ишончнинг амалий ифодаси бўлди, — дейди Сирдарё вилояти солиқ бошқармасининг бўлим бошлиғи Илғор Халилов.
Мулоқот давомида ёш кадрларнинг касбий салоҳиятини юксалтириш, уларни малакали мутахассислар тажрибаси асосида тарбиялаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Шу мақсадда кўп йиллик иш тажрибасига эга ходимлар ёш мутахассисларга устоз сифатида бириктирилиб, уларнинг касбий шаклланиши ва хизмат фаолиятини самарали ташкил этишига кўмаклашиш белгиланди. Бу тизим билим ва тажриба ворислигини таъминлаш, масъулиятли ҳамда рақобатбардош кадрлар захирасини шакллантиришга хизмат қилади.
Учрашувда билимли ва изланувчан ёшларни қўллаб-қувватлаш масаласи ҳам асосий мавзулардан бири бўлди. Суҳроб Тавбоев олий таълим олиш, хусусан, Солиқ олий мактабида таҳсил олиш истагини билдирган ходимлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланиши, уларнинг билим ва малакасини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратилишини таъкидлади. Бу эса соҳа учун юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳоланди.

Учрашувнинг энг муҳим натижаси эса ёшлар томонидан билдирилган таклифларнинг қисқа муддатда амалий ечим топганида намоён бўлди. Ёшлар куни муносабати билан ҳудудларда фаолият юритаётган ёш ходимларнинг меҳнат шароитини яхшилаш мақсадида уларнинг эҳтиёжлари ўрганилиб, ҳар бир ҳудуд учун замонавий компьютер жамланмалари ҳамда принтер қурилмалари ажратилди.

Энг муҳими, билдирилган ташаббус узоқ куттирмади. Раҳбарият томонидан қабул қилинган қарор ўша кунинг ўзидаёқ амалга оширилди. Натижада ёш ходимлар ўз хизмат вазифаларини янада самарали бажаришлари учун зарур бўлган замонавий техника воситалари билан таъминланди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири