Ёшлар тарбияси доимий эътиборда
Юртимизда ёшлар билан ишлаш борасида самарали тизим яратилган. Уларнинг баркамол ўсиб-улғайиши, таълим-тарбияси, келажак тақдири давлатимизнинг доимий эътиборида.
Бугунги кунда Қашқадарё вилоятидаги 16 та умумтаълим мактаби Ички ишлар вазирлиги томонидан оталиққа олинган. Ўқув масканларида ўтказилаётган профилактик тадбирлар ўқувчи ёшларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, уларни Ватанга садоқат руҳида камол топтириш, энг муҳими, ёшлар қатлами орасида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга хизмат қилмоқда.
Ана шу мақсадда жорий ўқув йилида ҳам қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу борада Ички ишлар вазирлиги академияси вакиллари томонидан мактабларда ташкил этилаётган сайёр учрашувларни алоҳида айтиб ўтиш жоиз.

– Мотивацион руҳда ўтган мулоқотлар давомида турли ёш тоифасидаги барча ўқувчиларни қамраб олишга, уларнинг қизиқиш ва қобилиятини ўрганишга, чекка ҳудудларда ёшлар учун яратилган шароитлар билан танишишга ҳаракат қилдик. Битирувчи синф ўқувчилари билан суҳбат ўтказиб, натижаларини мониторинг қилдик. Мактабларда олий таълим қамровини ошириш, ўқувчиларни касб эгаллашга йўналтириш бўйича тегишли вазифаларни белгилаб олдик, – дейди ИИВ академияси катта ўқитувчиси, подполковник Набулла Ҳожиев.
Ҳозирги мураккаб шароитда ёш авлоднинг ҳуқуқий маданияти ва маънавий дунёқарашини юксалтириш, жамиятимизда кечаётган ислоҳотларга дахлдорлигини ошириш долзарб аҳамият касб этмоқда. Тарғибот тадбирларида айни масалаларга ҳам эътибор қаратилди. Мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, янгиланган Конституциямизда ёшлар учун берилган ҳуқуқ ва имтиёзлар, ҳуқуқбузарлик содир этишнинг оқибатлари тушунтирилди.

Бундан ташқари, ички ишлар органлари сафида хизмат қилишни, эл-юртимиз тинчлиги ва осойишталигига муносиб ҳисса қўшишни мақсад қилган ўғил-қизлар учун Ички ишлар вазирлиги академиясига ўқишга кириш тартиби, ихтисослик йўналишлари, ўқув даргоҳида яратилган шарт-шароитлар сўзлаб берилди.
Бир сўз билан айтганда жойларда ўтказилган юзма-юз мулоқотлар ёшларнинг билим олиб, касб эгаллашга бўлган иштиёқини янада кучайтиришга хизмат қилди. Зеро, ўсиб келаётган навқирон авлод учун бугун қанчалик қайғурсак, мамлакатимиз эртасига мустаҳкам пойдевор қўйган бўламиз.
Жамшид ХОЛОВ,
ИИВ академияси Ахборот хизмати