Ёшлар – тараққиёт таянчи
Жорий йилнинг 24 февраль куни Президентимиз ёшлар билан мулоқотда юртимиздаги 22 миллиондан зиёд ёшларимиз жуда катта иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий куч эканини таъкидлади.
Шу боис ёшларни қўллаб-қувватлаш ва улар билан самарали ишлаш тизимини йўлга қўйиш муҳим аҳамият касб этмоқда. Пайшанба “Ёшлар куни” доирасида Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси бошлиғи Зафаржон Турдалиев томонидан ёшлар билан учрашув ташкил этилди. Унда Қорақалпоқ давлат университети юридик факультети талабалари иштирок этди.

Учрашув давомида талабаларга божхона тизимининг мазмун-моҳияти, унинг мамлакат иқтисодий хавфсизлигини таъминлашдаги ўрни, шунингдек, фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилишдаги аҳамияти ҳақида батафсил маълумот берилди. Соҳага қизиқиш билдирган ёшларнинг саволларига атрофлича жавоб берилиб, божхона органларида хизмат қилиш тартиби тушунтирилди.

Шунингдек, талабаларнинг божхона органларида амалиёт ўташини самарали ташкил этиш, уларнинг илғор ғоялари, лойиҳалари ва стартапларини қўллаб-қувватлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.