Ёшлар сиёсатида устувор йўналишлар белгиланмоқда
Бугунги кунда турли соҳаларда ёшлар салоҳиятини ошириш ва уларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотлар изчил давом этмоқда. Бу борада давлат идоралари ва тармоқ ташкилотлари томонидан ёшлар билан тизимли мулоқот йўлга қўйилган.
Ўзбекистон энергетика ҳафталиги доирасида Энергетика вазирлиги тизимидаги корхоналар ҳамда олий таълим муассасалари талабалари ва ёш мутахассислари иштирокида галдаги учрашув ташкил этилди.
Унда энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов, олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов ҳамда вазирлик тизимидаги корхоналар ва акциядорлик жамиятлари раҳбарлари иштирок этди.
Таъкидланганидек, ёшлар сиёсатида устувор йўналишлар белгиланмоқда. Бу йўналишда ёшлар билан очиқ мулоқотни кучайтириш, уларнинг ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва амалий имкониятларни кенгайтириш муҳим аҳамият касб этади.
Тадбир очиқ мулоқот шаклида ўтказилиб, ёшлар ўзларини қизиқтирган саволлар, таклиф ва ташаббусларини эркин билдириш имконига эга бўлишди. Жараёнда энергетика соҳасида ёш кадрларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг касбий тайёргарлигини ошириш, шунингдек, амалиёт ва бандлик имкониятларини кенгайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Учрашув якунида билдирилган таклиф ва ташаббуслар масъуллар томонидан кўриб чиқилиб, уларни амалга ошириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА