Ёшлар салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган тадбир
Гулистон шаҳридаги Ёшлар марказида мактаб маслаҳатчилари иштирокида муҳим учрашув бўлиб ўтди. Тадбир таълим ислоҳотларини чуқур англаш, уларнинг амалдаги ижросини таъминлаш ва маслаҳатчилар фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилди.
Вилоят “Келажак” маркази директори Авазбек Маматов сўзга чиқиб, сўнгги йилларда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг қобилиятлари ҳамда иқтидорларини рўёбга чиқаришга қаратилган устувор вазифалар ҳақида атрофлича тўхталди. У мактаб маслаҳатчилари бу жараёнда боғловчи ва йўналтирувчи муҳим бўғин эканини таъкидлади.

Учрашувда Президент ва Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари асосида “Келажак” марказлари фаолиятини умумтаълим муассасалари билан интеграция қилиш, ўқувчилар қамровини кенгайтириш ва уларни тўгарак ҳамда лойиҳаларга жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Гулистон шаҳридаги Президент мактаби маслаҳатчиси Мадина Сапарова мактаб маслаҳатчиси нафақат ташкилотчи, балки ҳар бир боланинг иқтидорини аниқлайдиган ва рағбатлантирувчи мураббий эканини таъкидлаб, жумладан шундай деди:
– Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва уларни тўғри йўналтириш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Бу жараёнда мактаб маслаҳатчилари ҳал қилувчи ўрин тутади. Шу боис, улар ҳар бир ўқувчи билан индивидуал ишлашга эътибор қаратиши лозим.

Шунингдек, у ҳудудий имкониятлардан тўғри фойдаланиш, ота-оналар билан ҳамкорлик ва ўқувчиларни миллий ҳамда халқаро танловларга тайёрлаш бўйича амалий тавсияларини ҳам берди.

Учрашув давомида иштирокчилар саволлар билан мурожаат қилиб, мутахассислардан батафсил жавоблар олишди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири